Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёевнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2016 йил 12 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарори халқимизга хос инсонпарварлик, бағрикенгликнинг амалдаги ифодаси бўлди. Бу муҳим ҳужжат билиб-билмай жиноят содир этганларни қайта тарбиялаш, уларни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим аҳамият касб этади.

-Истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон шаъни, қадр -қимматини улуғлаш, фуқароларнинг конституциямиз ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоясига эътибор кучайтирилмоқда,-дейди туман ҳокимлиги қошидаги ижтимоий кўникма маркази раҳбари Шерзод Жўраев. - Ушбу қарор бу борадаги ишларнинг бардавомлигидан далолат беради.

Шу кунгача амнистия шарофати билан туманимиздан эҳтиётсизлик оқибатида қонунга хилоф ҳаракатлар содир этган, ижтимоий хавфи унча катта ва оғир бўлмаган жиноятлар қилган маҳкумлардан 7 нафари оилалари бағрига қайтди. Уларга тегишли тартибда моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда, барчалари тиббий кўрикдан ўтказилиб, иш билан таъминлаш чора-тадбирлари кўриляпти. Энг  муҳими, амнистия туфайли жазони ўташ жойларидан қайтган фуқароларнинг такроран жиноят содир этмаслиги учун улар билан суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб боришга алоҳида эътибор бериляпти.

-Қилган жиноятимдан пушаймонман. Қамоқда озодликнинг, оиланинг, умуман, ҳаётнинг қадри нақадар баландлигини англаб етдим. Мен каби адашганларга нисбатан кўрсатилган ғамхўрликни қадрига етишимиз керак. Бундан буён ҳалол меҳнат қилиб, оилам, жамият олдидаги бурчимни бажаришга сўз бераман,-дейди Қўимбой ҚФЙда яшовчи Б.Д.

-Турмуш ўртоғим жонажон юртимизда устувор бўлган инсонпарварлик, бағрикенглик шарофати билан оиламиз бағрига қайтдилар,-дейди «Ёшлик» ҚФЙда яшовчи Вазирахон. -У киши келган заҳотиёқ зарур моддий ёрдам кўрсатилди, иш билан таъминлашди. Бундай эътибор, ғамхўрликдан оила аъзоларимиз беҳад шод бўлишди. Айниқса, турмуш ўртоғимнинг хурсандчиликларининг чеки йўқ. Бу имкониятдан фойдаланиб, умрларининг охиригача эзгу ишлар билан оиламиз, юртимиз равнақига ҳисса қўшишга азму қарор қилдилар.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.