Савол: Қонунчилигимизда  муддатидан олдин овоз беришнинг қандай нормалари белгиланган?

Ж.Ҳайдаров,

Косонсой шаҳри.

Жавоб: -Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига  эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида  бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади.

Савол: Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилишидан хабардормиз. Санаторийлар, дам олиш уйларида тузилган сайлов участкаларида ҳам шу  вақтга амал қилинадими?

М. Хўжаев,

М. Аъзам МФЙ.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонунининг 30 -моддасига кўра, дарҳақиқат, овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилиши белгиланган. Овоз  бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, фуқароларнинг олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги турар жойларида, шунингдек санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ҳамда бошқа стационар даволаш муассасаларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, башарти рўйхатга киритилган барча сайловчилар овоз бериб бўлган бўлса, исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.

Савол: Овоз беришни ташкил этиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?

Қ. Ражабов,

Косон ҚФЙ.

Жавоб: Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилади, уларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар жиҳозланиши, сайлов бюллетенлари бериш учун жойлар ажратилиши ҳамда сайлов қутилари ўрнатилиши керак (31-модда). Сайлов қутилари овоз берувчилар улар ёнига албатта яширин  овоз бериш кабиналари ёки хоналари орқали  ўтиб келадиган қилиб жойлаштирилади.

Овоз беришни ташкил этиш, сайловчилар ўз хоҳиш -истакларини яширин билдиришларини таъминлаш, биноларни жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаб туриш учун участка сайлов комиссияси жавобгардир.

Сайлов куни овоз бериш бошланишидан олдин участка сайлов комиссиясининг раиси комиссиянинг барча аъзолари иштирокида сайлов қутиларини текширади, пломбалайди ёки муҳрлайди.

Ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди. Сайлов бюллетенларини тегишли сайлов комиссияси сайлов участкаси сайловчиларининг рўйхати асосида паспорт ёки бошқа гувоҳнома кўрсатилгач беради. Ҳар бир сайловчи сайлов бюллетени олгани ҳақида сайловчилар рўйхатидаги ўз фамилияси  рўпарасига имзо чекади.

Сайлов куни истиқомат жойида бўлиш имконига эга бўмаган сайловчи ўз истиқомат жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақаларини талаб қилиб олиши, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусида қарорга келиши ҳамда тўлдирилган сайлов варақаларини конвертга яширган ҳолда участка комиссиясига қолдириши мумкин. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида сайловчилар рўйхатига имзо чекади. Сайлов варақасининг нусхасини Марказий сайлов комиссияси белгилайди.

Айрим сайловчилар соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш учун ажратилган бинога кела олмаган ҳолларда участка комиссияси уларнинг илтимосига кўра комиссиянинг камида икки аъзосига сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этишни топшириши мумкин.

Бирон-бир сабаб билан сайловчилар рўйхатига киритилмай қолган сайловчилар шахсини ва яшаш жойини тасдиқлайдиган ҳужжат асосида сайловчилар рўйхати иловасига киритиладилар.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.