Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 35-моддасида: «Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан  мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт», деб алоҳида белгилаб қўйилган.

Истиқлол йилларида муҳтарам Биринчи Президентимиз раҳнамолигида фаровон ҳаёт қуриш, эркин ва адолатли жамият барпо этиш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Буюк Йўлбошчимиз ишлаб чиққан тараққиётнинг «ўзбек модели»нинг асосий тамойилларидан бири ҳам айнан қонун устуворлиги эди.

Ўзбекистон ҳукумати порталида Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси ташкил этилганлиги ҳам  ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Ўтган даврда минг-лаб юртдошларимиз ўзларини қийнаётган муаммолар, шикоят ва таклифлар билан тўғридан тўғри мамлакатимиз Бош вазирига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди.

Бугун фуқаролар мурожаатлари билан ишлашни тубдан такомиллаштириш, улар томонидан кўтарилган муаммолар ечимига эътиборни кучайтириш орқали инсон омилига ғамхўрликни ошириш, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлашда раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаш долзарб вазифага айланди.

Ана шу мақсадда туманимизда вилоят прокуратураси масъул ходимлари иштирокида жисмоний ва юридик шахсларнинг яшаш ва иш жойларида мутасадди идоралар раҳбарлари билан биргаликда сайёр қабуллар ўтказилмоқда.

Бундай сайёр қабуллар шу кунгача Тергачи, «Ёшлик», Чиндовул, Қўқимбой, Косон, «Ширин» қишлоқ фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтди. Уларда жисмоний ва юридик шахслардан тушган шикоят, ариза ва таклифлар туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кўриб чиқилмоқда, аксарият масалалар жойида ҳал бўлаяпти, қўшимча ўрганиб чиқилиши лозим деб топилган масалалар юзасидан аниқ муддатлар белгиланиб, масъул шахсларга тегишли топшириқлар берилмоқда.

-Агар фуқаронинг муаммоси қуйи бўғинда ҳал бўлса, у юқори ташкилотларга асло мурожаат қилмайди,-дейди туман прокурори Д. Умаралиев, - Ҳар биримиз, маҳаллий давлат ҳокимияти раҳбарларидан тортиб бошқарма ва ташкилотлар бошлиқларигача фуқаролар мурожаатларини  шахсан ўз назоратимизга олсак, уларнинг муаммоларини ҳал  этишда тизимли иш олиб борсак, ҳар бир фуқаронинг мурожаати ўз вақтида ҳал бўлади ҳамда уларнинг раҳбарларга бўлган ишончи ортади.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.