Марказий сайлов комиссия-сининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари ишини  ташкил қилишга оид услубий тавсияларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори талаблари асосида 6-Наманган округ сайлов комиссияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Асосий тадбирлар режасига асосан шу кунга қадар вилоятда 690 та сайлов участкалари ташкил этилди. Комиссия таркибини шакллантириш мавжуд участкаларни жиҳозлаш бўйича муайян ишлар қилинмоқда. Хусусан, Косонсой туманида 48 та сайлов участкалари ташкил этилиб, сайловни ўтказувчи участка сайлов комиссиялари таркибига муносиб номзодлар танлаш ишлари поёнига етказилди.

Куни кеча бўлиб ўтган халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида комиссия аъзолигига кўрсатилган номзодлар муҳокама қилиниб, 6 - Наманган округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди.

Тумандаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактабида жойлашган 175 - сайлов участкасида бўлиб ўтган кўргазмали семинар участкада сайловга тайёргарлик масаласига бағишланди.

Семинар давомида участкада сайловни ўтказиш, бино ва овоз бериш хоналарини зарур жиҳозлар билан таъминлаш, сайлов жиҳозларини тайёрлаш, «Она ва бола» хонасини ташкил этиш, тиббий ёрдам кўрсатишни намунали йўлга қўйиш каби ишлар билан танишилди.

-Бундай семинар вилоятимизда биринчи бўлиб Косонсой туманида ўтказилмоқда,-дейди 6-Наманган округ сайлов комиссияси аъзоси И. Мўминов. - «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга асосан участка сайлов комиссияси бир қатор ваколатларга эга. Участка бўйича сайловчилар рўйхатини тузиш, сайлов ўтказиладиган кун ва овоз бериладиган жой ҳақида аҳолини хабардор қилиш, овоз бериладиган бинолар ва сайлов қутиларини тайёрлаш кабилар шулар жумласидан. Мазкур участка мисолида туманда бу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишиб чиқдик ва тегишли тавсияларни бердик.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.