Мустақиллик - энг улуғ, энг азиз байрам. Мана, йигирма беш йилдирки, халқимиз озодлик нашидасидан баҳра олиб, эркин ва фаровон ҳаёт кечирмоқда. Бу кунлар ҳурриятпарвар аждодларимизнинг асрий орзуси эди.

Истиқлол шарофати билан бу орзулар ижобат топиб, халқимизнинг тенглар ичра тенг бўлиш ҳуқуқини юзага чиқарди, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримиз тикланди. Юрт тинчлиги ва тараққиёти, шу азиз заминда яшовчи ҳар бир инсонга муносиб турмуш ва фаолият шароитларини яратиб берилаётгани, фарзандларимизнинг келажагига мустаҳкам замин яратилаётгани билан ҳам бу байрам барчамиз учун азиз ва мукаррамдир. Шунинг учун ҳам халқимиз мана, чорак асрдирки, 1 сентябрь - Мустақиллик кунини кўтаринки кайфиятда, шоду хуррамликда нишонлаб келмоқда.

Барча жойда бўлгани каби туманимизнинг ҳар бир гўшаси-қишлоқ ва маҳаллаларда ўтаётган мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами шодиёналарида «Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган сўзлар ҳар бир ватандошимизнинг қалб изҳори сифатида янграмоқда, диллардан дилларга кўчмоқда.

Карнай-сурнай садолари барчани байрам шодиёнасига чорлайди. Марказий уйингоҳ, унга туташ йўллар, хиёбонлар байрамона безатилган. Мустақиллик Истиқлол, она-Ватанни мадҳ этувчи сўзлар битилган панолар, рангин байроқчалар, гуллар билан тўшалган катта саҳна атрофга ажиб гўзаллик бахш этган. Чорлов мусиқаси янграб, ўйингоҳда байрам шодиёнаси бошланаётганидан дарак беради.

Туман ҳокими в.б. Ш. Дадабоев мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги билан туманимиз аҳлини муборакбод этади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янграйди, унга барча-барча жўр бўлади.

Икки юз нафардан ортиқ бадиий жамоа майдон узра «25» ёзувини шакллантиради.

-Мозийга назар солиб, жаҳон маданиятининг бешикларидан бўлмиш кўҳна Шарқ тарихида жонажон юртимиз Ўзбекистоннинг истиқлол йилларида эришган ютуқлари салмоқли ўрин эгаллашига гувоҳ бўламиз,-дейди байрам шодиёнаси иштирокчиси, кекса педагог Ю. Абдуллаев. -Чорак аср тарих учун қисқа давр. Лекин шу давр ичида муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида улкан ютуқларга эришдик, энг муҳими, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар шу азиз заминда яшовчи ҳар бир инсонга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш, кучли демократик давлат ва фуқаролик жамияти яъни адолатли жамиятни барпо этишга хизмат қилмоқда.

Тарихдан маълумки, қайси салтанат адолат устига қурилган бўлса, шу давлатда халқ фаровонлиги ўйланган, юртда илм-фан ва маданият ривожланишига имкон яратилган. Буни бизнинг мустақил Ўзбекистонимиз мисолида кўрамиз.

Алишер Навоий номидаги вилоят драма ва комедия театри яккахон хонандаси Аброр Тўхтасинов  ижросидаги «Ватан» қўшиғи қалбларга ўзгача шукуҳ бағишлайди, беихтиёр қўшиққа жўр бўлади киши.

Ўйингоҳ йўлакларида МК «Ватанпарвар» ташкилоти спорт техникалари, юртимизда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар карвона пайдо бўлади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти асосан пахта хом ашёси етказиб беришга ихтисослашган қолоқ республикадан саноати тез суръатлар билан ўсиб бораётган, жадал тараққий этаётган мамлакатга айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан автомобилсозлик, нефт ва газни қайта ишлаш, замонавий маиший техникалар ишлаб чиқариш каби янги-янги саноат корхоналарига асос солинди.

-Мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллиги байрами арафасида Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши мустақил Ватанимиз тарихида муҳим ва унутилмас воқеага айланди, -дейди меҳнат фахрийси Ҳ. Аҳмадалиева. -Ҳар бир кунимиз бундай ўзгариш ва янгиланишлар билан ўтмоқда. Жумладан, туманимизда ҳам байрам арафасида янги уй-жойлар, турли-туман хизмат кўрсатиш шахобчалари фойдаланишга топширилди. Бу иншоотлар юртимиз чиройига чирой қўшади, юртдошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилади.

Майдонга ёш спортчилар, велопойгачи ёшлар вакиллари кириб келади.

Юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбияни оммалаштириш, болалар спортини ривожлантириш, спорт инфратузилмасини шакллантиришга эътиборни кучайтирилиши бугун ўз самарасини бермоқда. Яқинда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ХХХI ёзги Олимпиада ўйинларидаги спортчиларимизнинг муваффақиятлари байрамга ажойиб совға бўлди.

-Мустақиллик йилларида камолга етганимдан бахтиёрман,-дейди яқинда Наманганда бўлиб ўтган «Олтин водий» спорт мусобақаси ғолиби Асадбек Ғофуров.-Спортчиларимиз Олимпиадада 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медалини қўлга киритиб, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни амалда исботлашди.

Мен ҳам яратиб берилган шарт-шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтаришга ўз ҳиссамни қўшаман.

Туман, қишлоқларда янги ташкил этилган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари санъаткорлари, «Хушнаво», «Ситора», «Дилхуш», Чуст туманининг «Шайдо» ансамбллари, вилоят театри раққоса ва хонандалари, эл суйган санъаткор Азиза Ниёзметова ижросида Ватанни, севги ва садоқатни, бугунги доруломон кунларни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янграб, қалбларга ўзгача шукуҳ бағишлайди. Шундай гўзал ва бетакрор мустақил, озод юртда яшаётганимиздан ғурур ва ифтихор туйғуларини туямиз.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.