Кексалар, ногиронларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимиз ва қадриятларимизнинг ажралмас қисмидир. Истиқлол йилларида бу азалий қадриятларимиз янада камол топди, ривожланди. Кексалар, ногиронларни моддий ва маънавий қўллаб, ҳаётига тегишли мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган Президент фармонлари ва ҳукумат қарорлари асосида дастурлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августидаги «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб - қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 237-сонли қарори бу борада муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан туман тиббиёт бирлашмасининг ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий - ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан бирлашмада байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда уруш ва меҳнат фахрийси И. Раҳимов, фронт-орти қатнашчиси Ҳ. Пирматов каби юздан ортиқ мўътабар қарияларимиз ва ногиронларга санаторияларда дам олиб, даволанишлари учун бепул йўлланмалар топширилди. «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурига асосан Қўқимбой ҚФЙ, Бешкетмон маҳалласида яшовчи Ш. Мамажоновага ногиронлар арафачаси, «Ширинбулоқ» МФЙда истиқомат қилувчи Ш. Маҳмудовга эшитиш мосламаси тортиқ қилинди.

Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ш. Раҳимов тадбир иштирокчиларини  қутлаб, байрам совғалари улашди.

- Бундай жаннатмакон юрт яна қаерда бор? Биз, кексаларга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромдан бағоят хурсандмиз,-дейди уруш ва меҳнат фахрийси И. Раҳимов. - Ота-боболаримиз орзу қилган мустақилликни кўриш бизларга насиб қилди. Бунинг учун Яратганга шукр қиламан. Бугунги ёшларимиз биз кўрган кунларни асло кўришмасин, урушни номи ўчсин. Тинч, осойишта ҳаётимизнинг қадрига етайлик, Юртбошимиз омон бўлсинлар, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.