Шу кунларда юртимизнинг қайси гўшасида бўлманг, мустақиллигимизнинг 25 йиллиги шарафига кенг кўламда бунёдкорлик ҳамда ободончилик ишлари ҳамжиҳатликда олиб борилмоқда. Энг муҳими, барчамизнинг қалбимиз хотиржам, тилимизда шукроналик. Истиқлол бизга орзу ва умидларимиз рўёбини кўриш бахтини муяссар этди.

Қурувчилик шарафли касб. қурувчилар оиласининг вакили эканлигимдан фахрланаман. Отам Носирхўжа Имомов, акам Собитхўжа Носировлар узоқ йиллар қурилиш ташкилотларига раҳбарлик қилган. Собиқ тузум даврида бу соҳа вакилларига осон бўлмаган. қандай бино бўлмасин, албатта марказнинг рухсатини олиш зарур эди.

Истиқлол сабаб, барча соҳа вакиллари қатори бунёдкорларнинг ҳам елкасига офтоб тегди, эмин-эркин ишлаш имконияти яратилди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида оилавий «Носир ота қурилиш» ташкилотини ташкил этдик. Ўғлим Фарҳодхон раҳбарлигидаги қурилиш ташкилоти бунёдкорлари ўтган йиллар давомида қанчадан қанча кўркам бинолар тиклаб, таъмирлаш ишларида жонбозлик кўрсатди. Хусусан, тумандаги 7,8,18,38-мактабларнинг капитал таъмирлашда «Носир ота қурилиш» ташкилотининг ҳиссаси катта бўлди.

2008 йили Ҳаж зиёратини амалга оширдим. Бу имкониятни ҳам менга истиқлол берди.

 Мустақиллик бизларда Ватан равнақига дахлдорлик ҳиссини кучайтирди. Қилган меҳнатларимиз эса муносиб баҳосини топмоқда. Мустақиллигимизнинг  бир йиллиги байрами муносабати билан мен «Ўзбекистон мустақиллигига бир йил» эсдалик нишони билан тақдирланган бўлсам, беш, ўн йиллиги муносабати билан ўғилларим Фарҳодхон ва Муҳаммадшокирхонлар бундай шарафга муяссар бўлишди.

Ҳа, жаннатмакон Ўзбекистонимиз инсон меҳнати ва қадри улуғланган юрт.

З. Носиров, меҳнат фахрийси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.