Косонсой дам олиш масканида «Адолат» СДП фаоллари ташаббуси билан «Ким эдигу ким бўлдик?» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда партиянинг вилоят, туман кенгашлари раислари, кенгаш аъзолари, фаоллар, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Тадбирда партиянинг вилоят кенгаши раиси О. Мақсудов, Чуст туман кенгаши раиси, меҳнат фахрийси С. Аҳмедов, халқ депутатлари Косонсой туман Кенгаши депутати Қ. Ражабов ва бошқалар сўзга чиқдилар.

-Мустақилликнинг қиёси, кўлами ва моҳиятини англаш учун ўтган йигирма беш йилимизни шўролар ҳукмронлиги остида кечирилган давр билан солиштириш, қиёслаш, ибратланиш, хулоса чиқариш кифоя қилади,-деди ўз сўзида Қ. Ражабов.- Истиқлол йилларида халқимиз барча соҳада эмин-эркин сайъ-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлди. Бу фаровонликни янада юксалтириш, эркин, озод фуқаролик жамияти шаклланишида муҳим омил бўлмоқда.

-Бир пайтлар отамдан қолган эски уйни бузиб, янгисини қурганим учун ойлаб идорама-идора сарсон бўлиб, «Ойлик маошинг қанча?», «Янги уй қуришга маблағни қаердан олдинг?» деган сўроқларга жавоб беришимга тўғри келган,-дейди С. Аҳмедов. – Ҳозир-чи? Ҳозир одамларимиз бунёд этаётган уй-жойларни кўриб, ҳавасингиз келади. Айниқса, ҳар бир қишлоқда, ҳатто чекка қишлоқларда ҳам бунёд этилаётган янги типдаги уй-жойларни айтмайсизми? Бу уйларда яратилган шарт-шароитлар шаҳарлардагидан қолишмайди. Буларнинг бари мустақиллик шарофатидан.

Тадбирда туман санъаткорлари она-Ватан, мустақиллик, дўстлик, меҳр-оқибатни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ижро этишди.

М. Жалилов, «Адолат» СДП туман кенгаши раиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.