Ватан – ягона, Ватан – бетакрор. Шу боис, унинг ҳар қарич ерини зарга, ҳар ҳовуч тупроғини олтинга қиёс этамиз. Она заминимизни муқаддас билиб, ҳар бир неъматини кўзимизга тўтиё айлаймиз. Истиқлол эса ана шу эзгу анъаналаримиз, туйғуларимизга жўшқинлик бағишлади. Ватаннинг қадр - қимматини янада теранроқ англаб етишга ундайди.

Биз бугун мустақил давлат ва жамият қуриш, халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида тарихан қисқа, лекин бир неча ўн йиллар, балки асрларга тенг келадиган йўлни босиб ўтдик.

Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ «шок терапияси»дан воз кечган ҳолда, ислоҳотлар сиёсатини ўтказди. Бош ислоҳотчи ва ташаббускор бўлишдек оғир вазифани давлат ўз зиммасига олди. Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги ва кучли ижтимоий сиёсат қарор топди.

Тарихга назар соладиган бўлсак, 1989-1990 йиллар катта иқтисодий қийинчиликлар даври эди. Экинзорларнинг бор-йўғи 8-10 фоизида буғдой етиштириларди, 0,8 фоизида - қартошка. Айни вақтнинг ўзида улкан майдонлар пахта учун ажратилганди. Бироқ шундай оғир вазиятда ҳам, Ислом Каримовнинг қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида 1989 йилнинг август ойида «Қишлоқда яшовчи ҳар бир оилани томорқа билан таъминлаш, уларга якка тартибда уй-жой қуриш учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш ҳақида»ги қарор қабул қилинди. Унга кўра, 1989-1990 йилларда 1,5 миллион оиланинг томорқа хўжаликлари кенгайтирилди, 700 минг оилага ер участ-калари ажратилди. Бу чора-тадбирлар ўша пайтда кескин тус олган ижтимоий вазиятни юмшатиш имконини берди. Аҳолининг даромад манбалари кўпайди, уй-жой масалалари ўз ечимини топиб, бандлик даражаси ўса бошлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган тадрижий ислоҳотлар сиёсати ва халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистон мустақиллик йилларида улкан натижаларга эришиб, изчил тараққий этиб бормоқда.

Айниқса, ижтимоий соҳага жамият эътиборини кучайтирилиши, манзилли ижтимоий ҳимояни кафолатлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири. Мамлакатимизни тараққий эттиришнинг миллий модели асосини ташкил қиладиган беш тамойилнинг бири ҳам кучли ижтимоий сиёсат юритишдан иборат. Мазкур тамойил асосида мустақиллик йилларида мамлакатимизда беқиёс ишлар амалга оширилди.

Ижтимоий соҳа, хусусан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаси ҳақида гап кетар экан, мамлакатимизда бу борадаги қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. 1991 йилдаёқ «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги ва бошқа шу каби қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Мазкур қонун ҳужжатларининг ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилиши, ҳар йили давлатимиз бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳаларни молиялаштиришга сарфланаётгани ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантириш, ижтимоий ислоҳотларни бос-қичма-босқич, тизимли равишда изчил олиб борилиши натижасида мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик сақланиб, одамларнинг эртанги кунги ишончи мустақкамланиб, бунёдкорлик салоҳияти тобора ошиб бормоқда. Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ҳар йили давлат бюджетномаси кўриб чиқилади. Унга кўра, 2016 йилда ҳам ижтимоий соҳага Давлат бюджети жами харажатларининг 59,1 фоизидан кўпроқ маблағ ажратилди. Жумладан, таълим-тарбия соҳасига давлат бюджети харажатларининг 33,7 фоизи, соғлиқни сақлаш тизимига 14 фоизи йўналтирилади. Таълим-тарбия соҳасини таъминлаш ва ривожлантириш сарф-харажатлари ўтган йилга қараганда 16,3 фоизга, соғлиқни сақлаш тизимида 16 фоизга кўпаяди.

Ўзбекистонда мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб жамиятнинг ижтимоий табақалашув даражасини камайтиришга алоҳида эътибор берилди. Юртимиздаги 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасидаги фарқ, яъни «децил коэффиценти» деб ном олган кўрсаткич барқарор пасайиш тенденциясига эга бўлиб, бу рақам 2010 йилдаги 8,5 фоиз ўрнига 2015 йилда 7,7 фоизни ташкил этди.

Даромадлар ўртасидаги фарқни ифода этадиган яна бир халқаро кўрсаткич - Жини индекси мамлакатимизда 2010 йилдаги 0,390 ўрнига 2015 йилда 0,280ни ташкил этди ва бу натижа дунёнинг кўплаб иқтисодий ривожланган ва ривожланаётган давлатларига қараганда анча пастдир.

Аҳоли даромадларининг ортиши натижасида ички истеъмол талаби кенгаймоқда. Чакана савдо айланмаси бир йилда 15 фоиздан зиёд, пуллик хизматлар ҳажми эса 10,8 фоизга ўсди.

Айни пайтда Ўзбекистонда «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун» тамойилини ҳаётга татбиқ этиш давом этмоқда. Қишлоқларда болаларимиз учун мактаблар, коллежлар ва лицейлар, замонавий даволаш муассасалари қад ростламоқда. Шаҳар ва қишлоқлар чирой очмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқаро экспертлар иштирокида 2015 йилда 158 та давлатда «Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари» деган мавзуда тадқиқот ўтказилди. Ҳар қайси мамлакатнингг ўз фуқароларини бахтли ҳаёт билан таъминлаш қобилиятини ифода этадиган ушбу индекс бўйича Ўзбекистон 44-ўринни эгаллади. Айтиш жоизки, юртимиз 2013 йилда бу рейтингда 60-ўринда эди.

Мустақил тараққиёт йилларида босиб ўтган, осон кечмаган йўлимизни, амалга оширган ишларимизни, эришган ютуқ ва марраларимизни сарҳисоб қилсак, 25 йил давомидаги ислоҳотлар ўзининг буюк натижасини бераётганига гувоҳ бўламиз. Энг асосийси, бу каби халқпарварлик, ижтимоий ҳимояга қаратилган одилона давлат сиёсати, одамлар қалбида Мустақилликка, Истиқлолга чексиз муҳаббат уйғотди ва уни асраб-авайлаш йўлида кучли шаҳд пайдо қилди.

Собитхон ТурҒунов, Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.