Инсоннинг ўзи туғилиб, ўсган юрти, ёр-дўстлари ва яқинлари билан боғловчи Ватанини севиши, ардоқлаши иймон ифодасидир. Шундай экан, Ватанга муҳаббат қўйиш, унинг равнақи йўлида куч-ғайрат сарфлаш барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир.  Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг «Биз ҳаётга катта орзу – умидлар билан кириб келаётган ёшларимизга бир ҳақиқатни, яъни: «Эй болам, сенинг Ватанинг битта, барчамизга азиз, бетакрор мана шу Ўзбекистон. Ота-боболаринг хоки шу ерда ётибди. Шу муқаддас замин сени дунёга келтирган, сен уни обод этишинг, ҳимоя қилишинг шарт. Нафақат сенинг ўз ҳаётинг, балки сенга умид кўзини тикиб турган ота-онанг, опа-сингилларинг, ёш гўдаклар, нуроний қарияларимизнинг ҳаёти ҳам шу бурчингни нечоғлик адо этишингга боғлиқ деган тушунчани уларнинг қалбига, онгу шуурига сингдиришимиз зарур», деган даъватлари биз, ёшларни Ватанни саждагоҳ, қиблагоҳ каби улуғлаб яшашга ундайди. Халқимизнинг асл фарзандлари Ватан туйғуси билан яшаб ўтганлар. Улар Ватан озодлиги, мустақиллиги йўлида курашган, уни куйлаган, унинг ишқи билан ёнган. Улар учун Ватан онадек муқаддас, иймон қадар юксак эди. Шунинг учун ҳам улар Ватанни «қиблагоҳ», «саждагоҳ» деб атаганлар.

Мустақиллик йилларида Ватан равнақи йўлида ҳалол хизмат қилиш халқимизнинг, бинобарин, ҳар биримизнинг порлоқ келажагимизни яратиш эканлигини чуқур англаб етдик. Зеро, ота-боболаримиздан мерос қолган бу табаррук заминни севиш, ардоқлаш, халқнинг урф-одатлари, қадриятларини сақлаш, эл-юрт равнақи учун чин дилдан меҳнат қилиш  ҳар биримизнинг муқаддас бурчимизга айланди. Шу маънода, ҳар бир онгли фуқаро ўз саъй-ҳаракатларини бағрикенг халқимизнинг оғирини енгил қилишга, уни янада яхши кунларга олиб чиқишга қаратади. Чунки халқнинг бахт-саодати, фаровонлиги йўлида қилинган меҳнат ҳеч қачон зое кетмайди.

Ватанпарварлик – ватанни севиш, у билан ғурурланиш, юрти эришган муваффақиятлардан қувониш, унинг истиқболи учун қайғуриш каби ҳис-туйғуларда ёрқин намоён бўлади. Ватанпарварлик-«Гўзал ва бетакроримсан муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!» деган эзгу ғояга  содиқлик, фидойилик билан меҳнат қилиш ва яшашда намоён бўлади.

Орифжон Сотиболдиев, Ўзбекистон Республикаси

ИИВ Академияси тингловчиси.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.