Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёти негизида вужудга келган, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг инъикоси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик воситаси, мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар якдиллигини ифода этадиган, давлат доирасида ва давлатлараро муносабатларда ўзаро мулоқот воситаси ҳисобланган, қонуний мақомга эга бўлган ҳамда қонун билан ҳимояланган расмий тили давлат тилидир.

Собиқ шўролар ҳукмронлиги пайтида давлат тили ҳақида гапириш умуман мумкин бўлмаган. Шу боис ҳам Ўзбекистонда ўзбек тилига давлат мақоми бериш осон кечмади.

 Ўзбек тилининг ижтимоий ҳаётда қўлланилиши тобора чекланиб қолган бир пайтда, «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши катта жасорат эди. Президентимиз ташаббуси ва раҳнамолигида қабул қилинган (1989 й. 21 октябрь.) бу қонун ўзбек халқи миллий онгининг ривожланишида, мамлакат мустақиллиги мустаҳкамланишида, маданий мероснинг тикланишида муҳим роль ўйнайди. Мазкур қонун қоидалари Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилди. Конституциямизнинг 4-моддасига биноан Ўзбекистонда давлат тили-ўзбек тилидир. Мамлакатда юз бераётган реал жараёнлар ва имкониятларни ҳисобга олиб, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини узил-кесил жорий этишни бос-қичма босқич амалга ошириб бориш вазифаси тил ислоҳоти билан боғлиқ масалаларга зарур тузатишлар киритиш эҳтиёжини туғдирди. Республика ҳали собиқ иттифоқ таркибида бўлган ва маданий-маърифий соҳада ўзига хосликни мустаҳкамлашга интилган бир шароитда қабул қилинган давлат тили ҳақидаги қонуннинг кўпгина моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишни давр тақозо этди.

Натижада 1995 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақидаги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат тили сифатида амал қилиши ҳуқуқий асослари ушбу қонун ва бошқа қонунлар билан белгиланади. Ўзбекистон Республикасида давлат тилини ўрганиш учун барча фуқароларга шарт-шароит яратилади ҳамда миллатлар ва элатларнинг тилларига иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлинади, уларнинг ривожланиши таъминланади. Давлат тилини ўқитиш бепул амалга оширилади (4-модда). Мамлакатимизда демократик, байналмилал тамойилларга риоя қилиниб, ҳар бир миллат ва элатнинг эркин ривожланиши, уларнинг тил мустақиллиги ва тенглиги таъминланган. Таълим-тарбия ишлари ўзбек тилидан ташқари тожик, рус, қозоқ, корейс, туркман, қирғиз тилларида ҳам амалга оширилади. Миллий марказларнинг фаолияти учун етарли имкониятлар яратилган.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, унга қандайдир имтиёзлар берилганлигини эмас, балки уни чуқур ўрганиш, бугунги турфа ва мураккаб дунёда аҳамияти ҳамда салоҳиятини тўғри ва теран тушунтиришни англатади.

Миллий тил ва миллий маданият ривожи ҳақида гап кетганда, жаҳон маданияти тараққиётининг, умуминсоний даражасини ҳам унутмаслик керак. Бу тушунчаларнинг моҳиятини англамасдан ва уларни ўзида чуқур сингдирмасдан миллий-маънавий категория ва қадриятлар кўрсаткичини белгилашнинг имкони йўқ. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлиги унга юртимизда истиқомат қилаётган барча халқларнинг минг йилликлар давомида тўпланган буюк ва бетимсол қадриятларимизнинг жуда мураккаб ва ноёб оламига олиб киришдек улкан вазифа юклатилганлигини ҳам англатади.

Она тилининг софлигини таъминлаш, унинг нуфузини кўтариш-бу ҳар биримизнинг ватанпарварлик бурчимиздир. Аммо баъзи бир муаммолар ҳам мавжудки, уларни бартараф этиш билан қонун ижросини таъминлашга ҳисса қўшган бўламиз. Жумладан, шаҳримиз кўчалари, бинолар деворлари, бекатлар ҳатто симёғочларга осилган рекламаларнинг айримларида услубий-имловий хатолар ғуж-ғуж, фуқароларимизга тушунарли бўлмаган хорижий тиллардаги рекламалар ҳам мавжудки, улардан кўз юмиб бўлмайди.

Реклама киши онгига таъсир этувчи восита. Ўрни билан, қисқа ва лўнда, бехато ёзилган реклама киши руҳиятига ижобий таъсир қилади. Албатта, бундан биринчи навбатда тижорат фойда кўради.

Шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги Қонунга асосан эълон ва ёзувлар таржима қилиниши керак бўлган барча ҳолатларда давлат тилида битилган матн бошқа тиллардаги матнлар каби тез ўқиладиган, яхши эшитиладиган ёки тушуниладиган тарзда расмийлаштирилиши талаб этилади.

Наврўзхон Каримов, туман Кенгаши депутати.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.