Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатмизда дунё бозорига янги йўллар очиш, замонавий транспорт коммуникациялари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши Ватанимиз тарихида муҳим ва унутилмас воқеага айланди.

АСР МЎЪЖИЗАСИ

Бугун юртимизда байрам шукуҳи кезмоқда. Барчамиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз- мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигини муносиб кутиб олиш тараддудида. Чорак аср – тарих учун қисқа давр. Шу вақт ичида она-Ватанимизда авлодларга намуна ва ибрат бўладиган буюк ишлар амалга оширилдики, бундан қалбларимиз фахр ва ифтихор туйғуларига тўлади. Ангрен– Поп электрлаштирилган темир йўли, унда барпо этилган қарийб 20 километрли туннелни «аср мўъжизаси» деб таърифласак бўлади.

Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда, пурвиқор тоғлар ичидан йўл очиб, темир йўл линиясини ёткизиш ҳазилакам иш эмас. Бу иншоот МДҲ мамлакатлари орасида ягона бўлиб, қурилиш ишларининг мураккаблиги бўйича дунёда саккизинчи, узунлиги жиҳатидан ўн учинчи ўринда туради. Энг муҳими, янги темир йўл линиясининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш имконияти яратилди. Бу эса, ҳудуднинг инфратузилма салоҳиятини янада оширишга, жонажон Ўзбекистонимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига замин яратади.

Истиқлолимизнинг 25 йиллигини нишонлаш арафасида бу ғоят улкан лойиҳанинг амалга оширилиши мустақиллигимизнинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган энг муҳим стратегик дастурнинг ҳаётга татбиқ этилаётганига далилдир.

Олдимизга ҳеч кимдан кам бўлмайдиган ҳаёт даражасига эришиш, Ўзбекистонимизни дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтаришдек улуғ мақсадларни ўз олдимизга қўйган эканмиз, бу марраларнинг нақадар буюк ва масъулиятли эканлигини қалбан ҳис этамиз. 

Муҳаммадали АЗИЗОВ,  Косонсой тиббиёт

коллежининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.