Мамлакатимиз Президентининг  «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида давлат бюджетимизнинг социал соҳаларга йўналтирилган йиллик харажатлари изчил ошиб, биргина 2015 йилда ушбу рақам 60 фоиздан ортгани бу борадаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантииқий натижаси эканлиги алоҳида эътироф этилган.

Республикамизда ижтимоий ҳимоянинг ҳуқуқий муҳити яратилган бўлиб, унга қонуний асос солинган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасида: «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.

Аҳолининг энг кам ҳимояланган ва муҳтож табақаларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш халқ фаровонлиги, инсонпарварлик йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти гаровидир. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ Юртбошимиз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан муҳофаза қилиш масаласини кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берди.

Амалиёт ва тажрибалар таҳлили аҳолининг турли қатламларига қатъий табақалаштирилган тарзда ёндошиб, ялпи ижтимоий ҳимоя-лаш тизимидан, ишончли ижтимоий кафолатлар ва аҳолини аниқ мақсадли ҳамда манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимига ўтиш мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатди.

Вояга етмаган болалари бўлган ва кам таъминланган оилаларга аниқ тарзда ижтимоий ёрдам беришни кучайтириш, республика аҳолисининг реал даромадлари ва фаровонлиги барқарор ўсиши шароитларида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг роли ва масъулияти оширилди. Ана шу мақсадда, Ўзбе-кистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ўтган йили биргина туманимизда давлат бюджетидан икки ёшгача бўлган болалар парвариши учун 5681152,6 минг сўм, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга 3901337,9 минг сўм, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам сифатида 700389,0 минг сўм, жами 10 млрд. 282 млн. 879,5 минг сўм маблағ сарфланди.

Ҳар бир ҳуқуқий демократик жамият соғлом муҳит барқарорлиги, фаровон турмуш, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашни ўз олдига муҳим вазифа қилиб қўяди. Бу вазифаларни жамият ҳаётининг муҳим мезони бўлган қонунлар таъминлаб беради. Мамлакатимизда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида ҳуқуқий демократик жамият барпо этиш, инсонларнинг эмин-эркин, фаровон турмуш кечиришлари учун адолатпарвар қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг ҳаётга татбиқ этиб, ижроси таъминланаётгани аҳолининг келажакка бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

Д. Умаралиев, туман прокурори.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.