Президентимизнинг шу йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида эришган ютуқлар жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак баҳоланиб, Ўзбекистон ривожланган, демократик қадриятлар мустаҳкам ўрин олган давлатлар қаторидан жой олди.

Фуқароларимизнинг дунёқараши, ҳуқуқий маданияти янада юксалаётгани, улардаги кўтаринки кайфият ва келажакка бўлган ишончни  алоҳида эътироф этамиз.

Албатта,  бу ютуқлар Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган инсонпарвар демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамияти институтини шакллантириш билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий сиёсат ва изчил ислоҳотлар самарасидир.

Мустақилликка қадар юртимизда умуман мавжуд бўлмаган, бугунги кунда эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган ўрта синф-мулкдорлар синфининг жадал ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳар томонлама қулай  шароит яратиш бўйича тизимли ва кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда аввало, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини назорат қилиш билан боғлиқ муносабатларни тартибда солувчи «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда бошқа бир қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилингани муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Президентимизнинг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳам тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш масалалари билан бир қаторда тадбиркорлар фаолиятига аралашувларни кескин чеклашга қаратилган меъёрлар қабул қилинди.

Фармонда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг жавобгарлигини ошириш назарда тутилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда жаҳон миқёсида глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётган бир пайтда кўплаб давлатларда солиқ ставкалари оширилмоқда.

Масалан, 2016 йилда ҳам 2014-2015 йиллардагидек фойда солиғи ставкалари АҚШда 35 фоиз, Россияда 20 фоиз ва Қозоғистонда 10 фоиз миқдорида сақланиб келинган бўлса, Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич, бор-йўғи 5 фоизни ташкил этгани ҳолда мунтазам камайиши кузатилмоқда.

Ўз навбатида мамлакатимизда юридик ва жисмоний шахсларга солинадиган солиқлар йилдан-йилга камайиб бормоқда ва 2016 йилда ҳам бу анъана давом эттирилмоқда.

Мисол учун, 2016 йилда кичик корхона ва микрофирмалар учун солиқ ва божхона хизмати тўловлари 6 фоиздан 5 фоизгача камайиб, буни ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида 2 млрд.сўм маблағлар қолади. Ўз навбатида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 8,5 фоиздан 7,5 фоизга камайтирилиши ҳисобига уларнинг ихтиёрида 420 млн. сўм қолади.

Давлатимиз томонидан кенг қамровли солиқ имтиёзлари ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳуқуқий асослар яратиб берилаётгани мулкдорлар сонининг ривожланишига хизмат қилмоқда. Одилона, инсонпарварликка асосланган сиёсат туфайли турмуш фаровон, тинчлик ва осо-йишталик ҳукмрон.

 Д. Умаралиев,туман прокурори.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.