Йиллар ўтган сайин мустақиллик, истиқлол деб аталмиш улуғ неъматнинг мазмун-моҳияти, қадр ва қимматини янада теранроқ англамоқдамиз.

Бундан чорак аср муқаддам Ўзбекистонимиз иттифоқ деб аталмиш империянинг қарам республикаси эди. Яратган эгам қайси элни тўғри йўлга бошламоқчи бўлса, аввало, унга донишманд, мард ва азму шижоатли инсонни йўлбошчи қилиб қўяди, деган халқимизнинг ҳикмати нақадар ҳаққоний эканлиги ўз  исботини топди. Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқимиз бундан 25 йил муқаддам мустақилликни қўлга киритиб, миллий давлатчилигимизни тиклади, дунёдаги мустақил ва суверен давлатлар  қаторидан муносиб ўрин эгалладик.

Юртбошимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги Қарорида қайд этилганидек, истиқлол  йилларида биз танлаган, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий экани ўз тасдиғини топди.

Биргина қишлоқ хўжалигини олайлик. Соҳада мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати учун катта имкониятлар яратилди. Мен ҳам истиқлол берган бу имкониятлардан баҳраманд бўлиб, фермерлик ҳаракатининг фаолларидан бирига айландим.

Ғалла ва пахтачиликка ихтисослашган  фермер хўжалигимиз ихтиёрида 50 гектар ер мавжуд бўлиб, ҳар йили мўл ҳосил етиштириб келаяпмиз. Оила аъзоларимиздан ташқари яна 30 киши иш билан таъминланган. Ҳозирда наинки пахта ва ғалла, балки боғдорчиликни ривожлантиришга эътибор қаратаяпмиз.

Гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, картошка, сабзавот, мева каби қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ўзимиз етиштириб, аъзоларимизни таъминлаяпмиз, ортиқчасини эса бозорда сотаяпмиз.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда фермерликка эътиборни кучайтирилиши, бу соҳани қишлоқда етакчи кучга айланишига имконият яратмоқда. Бу имкониятни бизга истиқлол берди.

И. Ҳусеинов, «Исломжон Ҳусеинов» фермер хўжалиги раҳбари, туман Кенгаши депутати.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.