Мустақиллик йилларида маҳалланинг фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамияти тобора юксалиб бормоқда. Шунга мос равишда унинг вазифалари кўлами, ҳуқуқ ва ваколатлари кенгаймоқда.

Мана, икки ойдирки, бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам Ўзбекистон Руспубликаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги Қарорига асосан навбатдаги фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва унинг маслаҳатчилари    сайловига қизғин ҳозирлик кўрилди.

Туманимиздаги «Обод» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишга  пухта тайёргарлик кўрилди.

Маҳалла фуқаролар вакилларининг йиғилиши қарори билан Абдуллохон Абдушаҳидов раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳи маҳалла раиси ва унинг маслаҳатчиларига муносиб номзодлар кўрсатишга, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боришга эътибор қаратишди. Фуқаролар йиғини ҳудудида доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғини раис ҳамда унинг маслаҳатчиларига номзодлар бўйича таклифлар тайёрлашди. Фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларнинг ўз номзоди кўрсатилишига ёзма розилиги олинди. Ишчи гуруҳ томонидан «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларга доир ҳужжатлар туман ҳокими билан келишиш учун фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссиясига сайловдан ўн кун олдин  тақдим этилди.

Комиссия томонидан туман ҳокимининг фуқаролар йиғини раиси ловозимига кўрсатилган номзодлар бўйича  асослантирилган хулосалари ишчи гуруҳга тақдим этилган, келишилган номзодлар ҳақидаги ахборот сайловдан 5 кун олдин фуқаролар йиғини биносига, гузарларга  осиб қўйилди.

Шу йил 5 май куни маҳалладаги 49 - мактаб залида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови бўйича «Обод» маҳалла фуқаролар вакиллари йиғилиши ўтказилди. Бу туманимизда дастлабки сайлов йиғилиши бўлганлиги учун ҳам унга барча фуқаролар йиғинларининг ишчи гуруҳи раҳбарлари таклиф этилишди.

Ишчи гуруҳ раҳбари А. Абдушаҳидов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда дастлаб йиғилиш котиби, раёсат аъзолари, уч кишидан иборат саноқ комиссияси сайлаб олинди.

Ишчи гуруҳи маҳаллада доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда раис лавозимига 3 нафар номзод бўйича таклифлар тайёрланганлиги маълум қилинди.

Алифбо тартибида раис лавозимига номзодларнинг таржимаи ҳоли ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг ҳар бир номзод ўзининг келгуси фаолият дастурларини эълон қилишди.

Йиғилиш аҳли овоз бериш шаклини белгилаб олишди. Очиқ овоз бериш натижасига кўра, Муҳаммадшокир Носиров кўпчилик овоз билан «Обод» МФЙ раислигига сайланди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала – фуқаролар йиғини маслаҳатчилари миқдор таркибини аниқлаш ва сайлашда «Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, уларнинг фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларга ҳамда йиғин ҳузуридаги «Ота-оналар университети»га раис, кўча бошлиқлари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб кўрсатилган 22 нафар номзод ҳар бир маслаҳатчи ўрнига муқобиллик асосида алоҳида-алоҳида овозга қўйилди ва 11 нафар маслаҳатчи вакиллар томонидан танлаб олинди.

Шу куни Хонқўрғон маҳалласида ҳам фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови бўйича вакиллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Бугун эса Узунқишлоқ, Чиндовул, Гулбоғ маҳаллаларида ҳам  йиғилишлар бўлиб ўтади.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.