Жорий йилнинг 31 март ва 1 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи Ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Ялпи мажлисда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид 14 та масала, шу жумладан 4 та қонун кўриб чиқилди.

Мамлакатимиз Президенти Конституциямиз қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўт-   ганди.

Сенаторлар «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқар экан, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари ижроси устидан парламент назоратини рўёбга чиқаришнинг ягона механизми мустаҳкамланиб, у давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти самарадорлиги ҳамда масъулиятини оширишга йўналтирилганлигини алоҳида эътироф этишди. Қонунда парламент назорати субъектлари ва объектлари, унинг шакллари мустаҳкамланган, шунингдек парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар ўз ифодасини топган.

Ялпи мажлисда парламент юқори палатаси вакиллари Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлиснинг қўйи палатасига киритилган «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (янги таҳрири) кўриб чиқдилар.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, иқтисодиётимиз юксалиб, аҳолининг турмуш даражаси ортиб бормоқда. Иқтисодий тараққиётнинг кенг кўламда ривож топиши интеграциялашув жараёнини янада жадаллашишига замин яратмоқда. Бу жараёнлар, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунни янги таҳрирда қабул қилиш заруриятини вужудга келтирди.

Қонун бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш тизимини халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга, бухгалтерия ҳисоби ошкоралигини оширишга, бухгалтерия хизматлари раҳбарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқлаш ҳамда жавобгарлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Сенаторлар кўриб чиққан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартига солиш тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунларга ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг асосий мақсади, юқорида таъкидланган қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат

Парламент юқори палатасининг Ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар, маъқулланган қонунлар, энг аввало, аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришга, ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкамллашга, кенг кўламили ислоҳотларни самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 М. Акрамов, туман Кенгаши депутати.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.