Ўзбекистон учун, бугунги ва келажак авлод учун энг катта бойлик-элнинг тинчлиги ва осойишталиги. Тинчлик, хотиржамлик, осойишталик ҳукм сурган юртда одамлар фаровон ва бахтли ҳаёт кечиради, тўй-тўйларга, байрам байрамларга уланади.

Хабарингиз бор, айни кунларда жойларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказишмоқда. Ана шу учрашувлар доирасида туманимиздаги 4-болалар санъат ва мусиқа мактабида «Тинчлик, осойишталик ва барқарорлик-жамият тараққиётининг муҳим омили» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосарлари, маънавий ва маърифий масалалар бўйича масъуллар, «Нуроний» жамғармаси, «Камолот» ЁИҲ фаоллари, «Маҳалла» жамоат фонди, хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар идоралари, таълим муассасалари вакиллари, имом-хатиблар қатнашишди.

Туман ҳокими А. Абдукаримов мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги сайъ-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди. Дунёнинг айрим давлатларида рўй бераётган воқеалар, диний экстримизм ва бошқа тажовузлардан ўз уйимиз, маҳалламиз ва юртимизни асраш фуқаролик бурчимиз эканлигига алоҳида эътибор қаратди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати С. Турғунов «Тинчлик, осойишталик ва барқарорлик-жамият тараққиётининг муҳим омили», «Камолот» ЁИҲ туман кенгаши раиси в.б. С. Ашуров «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида», туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман Кенгаши депутати В. Тожибоева «Она ва бола саломатлиги – юрт келажагининг мустаҳкам пойдевори» деб номланган маърузаларида юртимиз тинчлиги, ватан тараққиёти, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари олиб борилаётган ислоҳотлар, мамлакатимиз Парламенти томонидан қабул қилинаётган қонунлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида, мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар, ёшлар тарбияси, уларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни асраш ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар.

Анжуманда сўз олган Косонсой мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқитувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Г. Мирзаҳамдамова, спорт устаси, беш карра жаҳон ва мамлакат чемпиони М. Абдумуталов, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг туман вакиллиги мухтасиби А. Ҳожиев аниқ ҳаётий мисоллар билан кечаги кун билан бугунги кунни таққослаб, тинч ва осойишта юртда мустақиллик шарофати билан амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, доруломон кунлар қадрига етиш, кўз қорачиғидек асраш ҳар бир ватандошимизнинг муқаддас бурчи эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Илм – фан, маданият ва санъат,  спортда улкан ютуқларга эришаётган ёшларга туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Туманимиз санъат усталари ва ёш ижрочилари концерт дастури намойиш этишди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.