Савол: Маҳаллаларда тузилган фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ ваколатлари нималардан иборат?

Ушбу саволга фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси аъзоси А.Олимов жавоб беради:

-Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш  учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳ таркибига, қоида тариқасида, фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашининг депутати киритилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини органларининг бошқа ходимлари, шунингдек фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларнинг, фуқаролар йиғини органлари бошқа ходимларининг яқин қариндошлари ишчи гуруҳ таркибига киритилиши мумкин эмас.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар ишчи гуруҳга аъзо шахслар ёхуд уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар ишчи гуруҳ таркибидан чиқарилади.

Ишчи гуруҳнинг ваколатлари қонуннинг 15-моддасида ўз аксини топган.

Ишчи гуруҳ:

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилайди ҳамда уни ўтказишдан камида беш кун  олдин бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади;

ҳовлилар, уйлар, кўчалар ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини ташкил этади ва ўтказади;

ҳовлилар, уйлар, кўчалар ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалар аҳолиси умумий йиғилишининг иштирокчиларини рўйхатга олади ҳамда фуқароларнинг сайланган вакиллари ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда аҳолининг умумий йиғилиши баённомасини тузади;

тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда тегишли комиссияга тақдим этиш учун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар бўйича  таклифлар тайёрлайди;

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалалари юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради;

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларининг такрорий сайлови, шунингдек бўшаб қолган ўринларга фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилишини ташкил этади;

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалаларига доир фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқади.

Ишчи гуруҳ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.