Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликнинг қадри баланд. Юртимиз учун, бугунги ва келажак авлод учун энг катта бойлик-элнинг тинчлиги ва осойишталиги. Ўз уйимиз, маҳалламиз ва юртимизни бало-қазолардан асраш, ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиш муқаддас фуқаролик бурчимиздир.

Косонсой педагогика сервис  касб-ҳунар коллежида «Чегара дахлсизлиги учун-барчамиз масъулмиз» шиори остида ўтказилган тадбирда ана шундай фикрлар билдирилди.

Кенг жамоатчилик, Косон ҚФЙ «Соҳибкор», Шайхон, «Озод», «Баҳористон», «Олмазор» маҳаллалари фаоллари, ёшлар вакиллари  қатнашган анжуманни туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, туман Кенгаши депутати В. Тожибоева очди ва олиб борди.

«Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси О. Нуриддинов, туман бўлими раиси Ё. Эшматов, чегара пости бошлиғи А. Абишев, «Садпири комил» жоме масжиди имом-хатиби Ш. Тўрахўжаев сўзга чиқиб, чегараолди ҳудудларида хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонунининг мазмун-моҳияти, чегараолди ҳудудларда ҳаракатланиш тартиб-қоидалари ҳақида гапириб ўтдилар.

Йиғилишда юртимизда, шу жумладан, вилоят ва туманимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг тинч-тотув, баҳамжиҳат ва аҳил яшаб меҳнат қилаётгани ғурур ва ифтихор билан тилга олинди.

Президентимизнинг тинчликпарвар сиёсатини қўллаб - қувватлаймиз, дейишди тадбир қатнашчилари.

Бундай йиғилиш Ободон маҳалласидаги мактабда ҳам бўлиб ўтди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.