Тарих сабоқларидан маълумки, ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг рўёбга чиқиши, аввало, Аллоҳ таолонинг инояти ва жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқдир. Бу барча замонларда ўз исботини ва ифодасини топган ҳақиқатдир. Сир эмаски, бугунги кунда дунёнинг айрим мамлакатларида беқарорлик, террорчилик, наркобизнес каби миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг жаннатмонанд диёримизда тинч ва фаровон ҳаёт кечираётганимиз учун шукроналар қилишга ва шу барқарорлик ва осойишталикни асраб-авайлаш учун барча имкониятларни татбиқ этишга ундайди.

 Мустақил юртимизда ҳукм сураётган тинчликни асраш, унинг қадрига етиш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиздир. Зеро, тинчлик, омонлик ва хотиржамлик барқарор бўлган юртда барча эртанги кунга ишонч билан қараб, хотиржамлик ила тоат-ибодат ва солиҳ амалларни имон ва ихлос билан адо этади. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида ҳадиси шарифда шундай деб марҳамат қилганлар:

 

яъни: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари пос-бонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.

           Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси деган нарса энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳар томонлама, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатлардан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар. Ана шу сифат ва хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар, зеро улар Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туриш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини теран англаб етганлар. Улар аввало, ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавму қариндошлари, бир сўз билан айтганда она-Ватанни қўриқламоқдалар. Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинч-ликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Шу мақсадда 1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”,деб эълон қилинди. Бундай тадбирларда иштирок этаётган ёш авлод бевосита ҳарбий ҳаёт ҳақида кўникмаларга эга бўлади. Кўрик-танловлар, давра суҳбатлари ва турли мусобақалар, шубҳасиз бўлажак Ватан ҳимоячилари маънавиятларини юқори даражага кўтариб, жисмонан бақувват, ақлан етук ва сергак бўлиб камолотга етишишларида катта аҳамиятга эга. Бу нарса, айниқса, армия сафида хизматга чақирилган ёш аскарлар учун катта тайёргарлик мактаби ҳамдир. Чунки, улар Ватан чегараларини сергаклик билан қўриқлашларида қалблари Ватан муҳаббати, чин имон ва ихлос билан лиммо-лим тўлишида муҳим аҳамият касб этади. Ёш аскар қалбида Аллоҳга бўлган ишончи, Ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқати уни ҳар доим огоҳ ва сергакликка чорлайди.  Дарҳақиқат, шонли Қуролли Кучларимиз сафида йигитлик бурчини адо этиш ҳозирги вақтимизда энг шарафли ва энг масъулиятли бурчга айланди. Армия қўмондонлиги муомаласи ҳам тубдан ўзгарди, энди ёш аскар билан улар ўртасидаги муносабат ўзаро тушуниш, кичикдан итоат, каттадан адолат қилиш тартиб-қоидасига ўтди. Шавкатли Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган азиз фарзандларимизнинг машқ майдонидаги ҳолатларига бир назар ташлайлик. Улар махсус ҳарбий кийим-бош кийган, қўлида жанговар қурол, олисга сергаклик билан боқади. Шу кайфиятда соатлаб сергак ҳолда машқларни адо этмоқда. Шунда беихтиёр қуйидаги ҳадис дилимиздан ўтади:  “Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир”,. Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она-Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

 М.Абдусамиев, “Корхона” масжиди имом-хатиби.                                    

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.