Қўқимбойлик Козимжон Исмоилов интилувчан, қатъиятли йигит. У Қўқимбой қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ўқиб юрган кезларидаёқ, ҳарбий хизматчи бўлишга аҳд қилганди. Ана шу мақсад йўлида чуқур билим олиш билан бирга, сиёсий, маънавий салоҳияти, жисмоний тайёргарлигини ошириб борди. Натижада ўтган ўқув йилида қабул имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлиги билим юрти курсанти бўлди.

Бугун Козимжон бошқа ўнлаб иқтидорли курсантлар қатори Қуролли Кучларимиз тизимида ва Мудофаа Вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасалари ўртасида ўтказиладиган турли танлов ҳамда спорт мусобақаларида фаол қатнашиб, барчага ўрнак бўлмоқда.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида армиямиз нафақат Ватанимиз чегаралари ва халқимиз осойишталигининг ишончли ҳимоячиси, балки ёшларда мустаҳкам ирода ва ҳарактер, мустақил фикрлаш қобилиятини кучайтирадиган, жисмоний чиниқиш каби фазилатларни тарбиялайдиган чинакам ҳаёт мактабига айланди.

Бир қатор олий ҳарбий таълим муассасалари ташкил этилиб, уларда Козимжон сингари ҳарбий хизматга салоҳиятли, аҳди қатъий, шижоатли, мард ва жасур йигитлар  офицерликдек шарафли касб сир-асрорларини пухта эгаллашмоқда.

Ўтган ўқув йилида Козимжон сингари Тергачи ҚФЙда яшовчи Ҳабибулло Назаров Чирчиқ Олий танк қўмондонлик, Чиндовул қишлоғида яшовчи Азимжон Раҳимжонов Самарқанд Олий ҳарбий қўмондонлик муҳандислик билим юрти курсант-лари сафидан жой олишган бўлса, Косон ҚФЙда яшовчи Бекмурод Алиматов ТАТУ қошидаги махсус факультет талабаси бўлди.

Ҳарбий касбларга йўналтирилган лицейларда ўқиш истагида бўлган ўсмирларимиз сони ҳам ортмоқда. Ўтган йили ўнлаб талабгорлар орасидан 9 нафар ўсмир бундай шарафга муяссар бўлишди. Улар сафида 5,11, 25,28, 32, 33, 4, 37, 9-ДИМИ битирувчилари бор.

Ўтган йилнинг 22 декабр куни туман ҳокими А. Абдукаримовнинг Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ мамлакатимиз Қуролли Кучларига етук мутахассис офицерлар тайёрлаш учун тумандаги чақирув ёшидаги ўсмирлар ўртасида танлов ўтказиш ишларини янада яхшилашга қаратилган қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга асосан олий ҳарбий билим юртида ўқиш истаги бор ёшларимизнинг билими, ахлоқий фазилатларига алоҳида эътибор бериб танлаш, уларни тайёрлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш каби вазифалар белгилаб берилди. Бу вазифаларни бажаришга таълим муассасалари, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари масъулият билан ёндашишлари керак.

Чунки миллий армиямиз-ғурур ва ифтихоримиз, унда хизмат қилиш эса шарафли бурч.

Б. Ҳотамов, туман Мудофаа ишлари бўлими чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш

бўлинмаси бошлиғи.

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.