Шу азиз Ватан барчамизники, унинг  фаровон келажаги ва иқболи учун яшаш, курашиш биз учун энг катта бахтдир.

Ватанни муқаддас билганнинг ғурур ва ифтихори юксак бўлади. Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик бугунги ва келажак авлод учун энг катта бойлик. Бу бойликни кўз қорачиғидек асраш, ўз уйимиз, маҳалламиз ва сарҳадларимизни ҳимоя этиш муқаддас фуқаролик бурчимиздир.

Мустақиллик йилларида Қуролли Кучларимиз ҳақиқий тинчлик ва осойишталигимиз кафолатига айланди, халқимиз қудратли Армиямиз, унинг сафларида хизмат қилаётган мард ва жасур ўғлонлари билан фахрланади.

Ватанпарварликни чинакам эътиқодга айлантирган Қуролли Кучларимиз бор экан, сарҳадларимиз ишончли қўлларда, ватанимиз тинч, юртимиз обод бўлиб бормоқда. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, Ватан тинчлигини асраш нафақат армиямиз, балки барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Куни кеча Хонқўрғон қишлоғидаги 11-мактабда бўлиб ўтган тадбирда бу фикрлар янгради.

«Осойишта сарҳадлар барчамизники» деб номланган ушбу тадбирда қишлоқ фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, чегара пости раҳбарлари, мактаб жамоаси қатнашди. Тадбирни Хонқўрғон МФЙ раиси Ш. Қўшматов очди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, давлат чегаралари дахлсизлиги ва бузилмаслигини таъминлаш, ўзаро ҳурматлаш принципларига амал қилиб, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини белгилаш, ўзгартириш, ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Чегара пости бошлиғи А. Абишев ўз сўзида ушбу Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тўхталди.

Чегара пости бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ёрдамчиси У. Акбаров сарҳадларимизни қўриқлаётган мард ва жасур ўғлонларимизнинг намунали хизмати, ҳудуддаги аҳоли, жамоатчилик билан ўрнатган яқин алоқаси, Давлат чегараси тўғрисидаги қонун ижроси, уни тарғиботи бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Йиғилишда «Косонсойнома» газетаси муҳаррири А. Олимов, «Имом Ҳусайн» жоме масжиди имом-хатиби А. Султонов иштирок этиб, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни қадрига етиш, уни асрашга барча бирдай масъул эканлиги ҳақида гапиришди.

Тадбирда «Осойишта сарҳадлар барчамизники» деб номланган видеофильм намойиш қилинди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.