Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги Президентимизнинг сермазмун нутқи туманимиз аҳлини янги-янги зафарларга чорламоқда. Ким билан суҳбатлашманг, Юртбошимиз томонидан илгари сурилган истиқболли лойиҳалар ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган ғоялардан беҳад руҳлангани ҳақида тўлқинланиб гапирмоқда. Барча жойда бўлгани каби округимиздаги маҳаллаларда ҳам махсус тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларда нутқ мазмуни ва моҳияти ўрганилмоқда.

Дарҳақиқат, Президентимиз нутқида билдирилган эзгу ғоялар ҳар биримизнинг тақдиримизга дахлдордир. Айниқса, вилоятнинг саноат салоҳияти ва инфратузилмасини кескин ривожлантириш бўйича 2016-2019 йилларга мўлжалланган махсус дастур қабул қилингани қалбимизни фахр ва ифтихор туйғуларига тўлдирди. Бешта йўналишдан иборат дастурдаги улуғвор режа ва мақсадлардан қувонмай бўладими, ахир! 16 та йирик инвестиция лойиҳасининг ўзиёқ, вилоят тараққиётининг янги босқичга чиқишидан далолат беради. Биргина Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини бунёд этиш лойиҳасини олайлик. Бу иншоот ишга тушса, наинки вилоятимиз, балки Фарғона водийсини электр қуввати билан тўла таъминлаш имконияти юзага келади. Бу билан янги-янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш мумкин бўлади.

Вилоятимиз табиий фойдали қазилмаларга бойлиги билан ҳам азалдан маълум. Шу боис ҳам вилоятдаги фойдали қазилма конларини аниқлашга қаратилган геология-қидирув ишларини босқичма-босқич амалга ошириш дастурга киритилганлиги эътиборга моликдир. Чунки конлар ишга туширилса, янги корхоналар барпо этиш, қўшимча ишчи ўринларини яратиш имконияти пайдо бўлади.

Қодиржон Ражабов, «O’zCASHKLITI» DUK топограф геодезисти, туман Кенгаши депутати.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.