Мамлакатимизда ишбилармонлик-бизнес юритиш учун амалий қулай шароит яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлаштиришга эътибор кучайтирилмоқда.

Куни кеча туман ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда ҳам айнан шу масалалар, хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, туманда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, прокуратура ва бошқа идоралар томонидан тадбиркорларнинг манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган вазифаларнинг ижроси атрофлича муҳокама этилди.

Туман прокуратура, ички ишлар, Давлат солиқ инспекцияси, тадбиркорлар вакиллари иштирок этган йиғилишни туман прокурори Д. Умаралиев очар экан, мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш даражасини ўсишида тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш муҳим омил бўлаётганлигига алоҳида эътибор қаратди.

Мазкур соҳада изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан жорий йилнинг 20 августида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Нотиқ мазкур Қонуннинг мазмун ва моҳияти тўғрисида батафсил тушунча берди.

Амалга киритилган қонунлар, Президент фармони ва ҳукумат қарорлари асосида солиқ соҳасида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди ва бунинг самараси ўлароқ, имтиёзлар жорий этилди. Бу ҳақда туман ДСИ бошлиғи вазифасини бажарувчи Р. Ҳомидов тўхталиб ўтди.

Тадбиркорлар манфаатларини ҳимоясини таъминлаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, бу борада қабул қилинган қонунларнинг туманда ижроси тўғрисида СВОЖЖДЛҚК департаменти туман бўлими катта суриштирувчиси О. Садриддинов гапирди.

Йиғилишда туманда кичик бизнесни янада ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уни ҳимоясини таъминлаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.