Президентимиз Мустақилликнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги сўзида таъкидлаганидек, «Биз йигирма тўрт йиллик мустақил тараққиётимиз давомида қандай улкан ютуқларга эришган бўлсак, турмушимиз янада обод ва фаровон бўлиб, одамларимизнинг ҳаётдан розилиги ортиб бораётган бўлса, бунинг негизида, аввало, тинчлик, ва осойишталикни сақлаб, азал-азалдан шундай фазилатларни кўз қорачиғидай асраб, ёш авлодимизни ана шу руҳда тарбиялаб келаётган халқимизнинг фидокорона меҳнати, ақлу заковати, мустаҳкам иродаси мужассамдир».

Албатта, биз бу марраларга эзгу мақсадлар йўлида бирлашиб, куч-қудратимизни сафарбар этиш орқалигина эришмоқдамиз.

Элу юрт тинчлиги йўлида ҳамиша дуода бўлаётган нуронийларимиз юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, ободончилик ва яратувчанлик ишларидан бениҳоя мамнун бўлмоқдалар. Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг тинч-осо-йишта яшаши йўлида амалга оширилган ишларни санаб адоғига етиш қийин. Ҳар бир фуқарога оталарча ғамхўрликни кўриб, бошимиз кўкка етмоқда.

Яқинда Президентимиз жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Наманган ҳамда Фарғона вилоятларига ташриф буюриб, қалбимизни чексиз қувончга тўлдирди. Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг изчил тараққиёти, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли излоҳотлар ўз самарасини бераяпти. Ким қайси касбда ишламасин, яратилаётган имкониятлардан фойдаланмоқда. Бунинг учун ҳуқуқий асос мавжуд.

Биргина мени эмас, кўплаб нуронийларимиз кўнглидан «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик? деган савол ўтиши табиий. Бундан 30-40 йил аввалги даврни эсласам юрагим орқага тортгандай бўлади. Минг шукрки, у кунлар ортда қолди. Бир бурда қора нон учун эртадан кечгача терга ботиб ишлаганмиз. Бугун бозорларимизни қаранг. Киришингиз биланоқ дилингиз яйрайди, кўзингиз қувнайди. Истаган нарсангиз топилади.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида бирдирган инсонийлик ғоялари билан суғорилган фикр-мулоҳазаларини бутун вужудим билан тингладим. Юртбошимиз: «Биз мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётини барпо этишда шошма-шошарликка йўл қўймадик. Маррани ким тезроқ эгаллайди, қабилидаги мусобақаларга қўшилмадик, ўзгалардан нусха олмадик. Чуқур ва пухта ўйланган машҳур беш тамойилга асосланган, жаҳон миқёсида тараққиётнинг «ўзбек модели» деб тан олинган дастурни босқичма-босқич амалга оширдик. Бунинг самарасини мамлакатимиз эришаётган улкан ютуқ ва марраларда кўриш мумкин»,-деб бежизга таъкидламадилар.

 Т. Жалилов, О. Султонов, Б. Юлдашев Х. Устажонов, Б. Ҳамитхонов, А. Исмоилов сингари тенгқурларим дунёда тараққиётнинг «ўзбек модели» сифатида эътироф этилган дастур барча соҳаларда улкан самаралар бераётгани, халқимизнинг турмуш даражаси ва фаровонлиги юксалиб бораётганини қайд этиш билан бирга юртимизга тинчлик омонлик, Юртбошимизга узоқ умр тилаб дуога қўл очадилар.

Абдусаттор ЗОКИРОВ, «Гулистон-2» МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси.

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.