Абдулҳофиз Абдукаримов, туман ҳокими

Бутун мамлакатимизда бўлганидек, туманимиз аҳли ҳам барчамиз учун энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги байрамини барча соҳада муносиб ютуқлар билан кутиб олишдек, эзгу ният билан яшаб, меҳнат қилмоқда.

Бугун биз, халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган ва курашган, мустақиллик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қимматини, ўтган давр мобайнида босиб ўтган оғир ва машаққатли, айни пайтда шарафли йўлимиз, қўлга киритган улкан ютуқларимизнинг туб моҳияти ва аҳамиятини янада теран идрок этмоқдамиз.

Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни,  ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича илгари тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган беқиёс имкониятлар берди.

Туманимиз аҳли ҳам мустақиллик шарофати билан интелектуаллик қобилияти, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий салоҳиятини юзага чиқариш имкониятига эга бўлди. Мустақиллик туманда униб-ўсаётган ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, спорт ва санъатда эришаётган ютуқ ва муваффақиятлари, орзу умидларига чексиз юксак парвозлар имконини бераётгани ёрқин кўринади.

Туманимиз аҳли наинки деҳқончилик, балки саноат, маиший хизмат каби соҳалар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг барча йўналишларида ўз салоҳиятини намоён этишга эришмоқда.

Жумладан, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 114,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти 107 фоизга, қурилиш ишлари 122,3 фоизга, чакана савдо айланмаси 103,5 фоизга, пуллик хизмат кўрсатиш ҳажми 113,8 фоизга, халқ истеъмоли моллари  ишлаб чиқариш ҳажми 103,4 фоизга, жами хизматлар ҳажми 123,6 фоизга ўсди.

Саноат соҳасини ривожлантиришга қаратилган “2013 ва 2015 йилларда саноат салоҳиятини ривожлантириш Дастури” доирасида жорий йилнинг ўтган даврида бир нечта ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди.

Йилнинг ўтган ойларида озиқ-овқат йўналишида 218,0 млн. сўмлик 2 та, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда 700,0 млн. сўмлик 3 та, чармпойафзал тайёрлашда 220,0 млн. сўмлик 2 та лойиҳалар ишга туширилиб, янги 55 та ишчи ўринлар яратилди.

Жумладан, “ШАФ” масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси бўйича 250 млн. сўм маблағ сарфланиб, корхонада ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва ўндан зиёд янги ишчи ўринлари яратиш имконияти туғилди. Худди шунингдек, “Муҳаммадхон” хусусий корхонаси ва “Ҳожиакбар” хусусий фирмасида 130-150 млн. сўмдан маблағ сарфланиши ҳисобига ишлаб чиқариш лойиҳалари фойдаланишга топширилди.

Истиқлол йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракати ривожи учун кенг йўл очиб берилгани ўз самарасини бермоқда. Бугунги кунда фермер хўжаликларимиз нафақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, балки уни қайта ишлаш имкониятига эга бўлишяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида туманда 1 та қорамолчилик, 4 та асаларичилик, 3 та балиқчилик, 2 та боғдорчилик, 2 та паррандачилик, 4 та иссиқхона ташкил этиш бўйича 5580,0 млн. сўмлик лойиҳалар ишга туширилиб, қўшимча 69 та янги иш жойлари ташкил қилинди. Мисол учун “Осмон сайёраси” фермер хўжалигида 150 млн. сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, сутни қайта ишлаш цехи ишга туширилди. Бу билан ўндан зиёд янги ишчи ўрни яратилди. Шунингдек, “Косонсой истиқлол парранда”, “Боғишамол лимонлари” корхоналари чорвачилик йўналишида, “Жавоҳир парранда”, “Косонсой саҳоватли парранда” фермер хўжаликлари ҳам янги-янги лойиҳаларни амалга татбиқ этиб, маҳсулот ҳажмини ошириш, кўплаб ишчи ўринларини яратиш имкониятига эга бўлишди. Қишлоқ жойларида аҳолига намунали хизмат кўрсатиш, маиший хизмат кўрсатишга эътибор кучайтирилмоқда. Ўтган саккиз ой  ичида 34 тадан зиёд савдо, маиший хизмат ва умумий овқатланиш шахобчалари ишга туширилиб, 105 нафардан ортиқ киши янги иш жойларига эга бўлди.

Маълумки, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, оила фаровонлигини янада оширишда шахсий томорқаларнинг ўрни катта. Кейинги йилларда туманимизда аҳолининг томорқаларидан самарали фойдаланишига эътибор кучайтирилмоқда. Туманда қорамолчилик, қўйчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, лимончилик, гулчилик ҳамда узум етиштириш билан шуғулланаётган оилалар сони ортиб бормоқда. Бундай оилалар ўз дастурхонлари тўкинлигини таъминлабгина қолмай бозорларимизнинг тўкин-сочин ва арзон бўлишига ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Халқимизнинг яратувчилик интилишларининг маҳсули аҳоли турмуш маданиятининг барқарор юксалишига асос бўлмоқда. 2009 йилдан буён туман ҳудудида жами 438 та намунали лойиҳалар асосидаги уй-жойлар барпо этилиб, юзлаб фуқароларимиз уй тўйларини нишонлашди. Жорий йилда ҳам бу эзгу ишлар давом эттирилиб, 76 та барча қулайликларга эга коттеж уйлар фойдаланишга топширилади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 24 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганки, у “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастуридаги мақсадлар билан ҳамоҳанглиги эътиборга моликдир. Мустақилликнинг 24 йиллик байрами арафасида туманимиз нуронийлари яна бир замонавий дам олиш масканига эга бўлишди. Кўркам табиат қўйнида барпо этилган “Нуронийлар дам олиш маскани”нинг таъмирлаш ва реконструкция ишларига 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Бу ерда қарияларимизни мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча қулайликлар яратилган.

Юртимизда истиқлол шарофати билан рўй бераётган оламшумул ўзгариш ва янгиланишларни дунё ҳамжамияти очиқ-ойдин эътироф этмоқда. Аммо ҳозирги кунларда дунё нотинч, унинг қайсидир бурчагида одамкушлик, хунрезликлар авж олмоқда. Диний экстримизм, терроризм касофати ҳеч биримизни хотиржам ва бепарво бўлишимизга изн бермайди. Хусусан ишлаш баҳонаси билан чет элга йўл олган айрим кишиларнинг экстримистик гуруҳлар домига тушиб қолмаслигига кафолат йўқ. Шу боис ҳам ҳар биримиздан огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз, фарзандларимиз тарбиясига масъулият билан ёндашишимиз талаб этилади. Айниқса, маҳаллаларда, чет элга ишлаш учун кетганлар ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишимиз, қайтганлар билан дилдан суҳбатлар ўтказиб, уларни тиббий кўрикка жалб этиш, иш билан таъминлаш, айрим ёшларнинг одам савдосининг қурбонига айланмаслиги каби вазифаларга эътиборни янада кучайтириш лозим.

Бу йилги байрам “Бетакроримсан, ягонасан она Ватаним – Ўзбекистоним!” эзгу ғояси остида нишонланмоқда. Байрам муносабати билан қишлоқ ва маҳалларимизни янада обод, янада гўзал қилиш мақсад ва муддаоимизга айланган. Ободлик бу аввало, Юртбошимиз таъбири билан айтганда, фаровонлик, тўкинчилик, мўл-кўлчилик, қут-барака, бозорларда арзончилик маъносини ўзида мужассам этади. Ҳар бир оила, ҳар бир инсон бугунгидай дориломон кунларнинг, тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиб, уни ҳимоя қилса, бу ишларга ўз ҳиссасини қўшсагина юртимиз янада равнақ топади. Барчамиз бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, маҳалламиз, қишлоғимиз, туманимизни янада обод бўлишига ҳисса қўшган бўламиз.

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.