Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли китоби “Ўзбекистон” нашриёти томонидан кўпминг нусхада чоп этилди.

Маълумки, 2015 йил 29 март куни юртимизда улкан сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Ҳар томонлама юқори савияда, муқобиллик асосида ўтган бу сайлов мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида муҳим, ҳал қилувчи босқич бўлиб, халқимизнинг ўз кучи ва салоҳиятига бўлган ишончи нақадар мустаҳкам экани, унинг сиёсий-ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги, Ватанимиз тақдири учун дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.

Конституциямиз, миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари, демократик тамойиллар асосида ўтказилган ушбу сайловда сайловчиларнинг 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Ислом Абдуғаниевич Каримовга овоз берди. Бундай ёрқин ғалаба, ҳеч шубҳасиз, Ислом Каримовнинг давлат раҳбари сифатида Ўзбекистон мустақиллигини таъминлаш, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги стратегик мақсад ва вазифаларни ҳал этиш йўлидаги беқиёс хизматлари, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқимиз томонидан юксак эътироф этилгани ва якдиллик билан қўллаб-қувватланганидан далолат беради.

Ушбу китобдан давлатимиз раҳбарининг сайловолди жараёнларидаги 20 дан зиёд учрашув ва анжуманларда, жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари билан учрашувларда, иккала палатанинг қўшма мажлисида, Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг йиғилишида, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг VII съездида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайловчилари вакиллари билан учрашувларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимидаги нутқ ва маърузаларида, шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида билдирган энг муҳим, концептуал аҳамиятга эга ғоя ва фикр-мулоҳазалари ўрин олган.


Давлатимиз ва жамиятимизнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган тараққиёт стратегияси аниқ-равшан белгилаб берилган ана шу чиқишларда мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтариш, унинг иқтисодий қудратини ошириш, ижтимоий соҳалар – таълим-тарбия, илму фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт тизимини изчил ривожлантириш, аёллар, кексалар ва ёшларимиз учун янада қулай шароит ва имкониятлар яратиш, ҳар бир ҳудуд ва минтақани равнақ топтиришга доир янги режа ва устувор лойиҳалар, бугунги кунда дунёда юз бераётган кескинлик ва қарама-қаршиликларнинг моҳияти, турли таҳдидларнинг олдини олиш, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлар ҳар томонлама пухта асосланган ҳолда баён қилинган.

Мазкур тўпламнинг бош ғоясини қуйидаги сўзларда мужассам бўлган энг муҳим ўзак фикр ташкил этади:“Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтда “Эртага ким бўлишимиз, қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?” деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим”.

Ана шундай ёндашув асосида мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўли теран таҳлил қилиниб, бу ҳаётий саволларга чуқур ва ҳаққоний жавоблар берилгани нашрнинг қимматини янада оширади.

Ушбу китобни мутолаа қилар эканмиз, ҳар бир масалага халқимизнинг миллий манфаати ва яна бир бор миллий манфаати нуқтаи назаридан ёндашиш, теран қиёсий-таҳлилий мушоҳада, тарих, замон ва келажакни бир бутун диалектик ҳодиса сифатида кўриш, ҳар қандай мавзуда жўшқин баҳс ва мулоқотга тайёрлик – буларнинг барчаси мустақил ўзбек давлатининг асосчиси, дунё миқёсида тан олинган йирик давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг сиёсий услубига хос бўлган ёрқин хусусиятлар эканига ишонч ҳосил қиламиз.

Ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётимизда беқиёс аҳамият касб этадиган мазкур китоб ҳозирги ва эртанги кунимизнинг энг устувор йўналишларини ўзида мужассам этиб, янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини кашф этишда, жамиятимизнинг тараққиёт фалсафасини, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб беришда, айниқса, ёшларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 ЎзА

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.