Одамлар дардини тинглаш ва уларни рози қилиш Янги Ўзбекистон давлати сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланганлигини ҳаммамиз кўриб турибмиз ва бу кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. Биргина "сайёр қабул"лар ўтказиш анъанаси йўлга қўйилганлиги ва  натижада қанчадан-қанча муаммолар ҳал этилаётганлигининг ўзи бугунги кунда юртимизда халқчил сиёсат олиб борилаётганлигининг улкан бир далилидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхонаси орқали 2023 йил давомида  туманимиз аҳолисидан 7 минг 500 дан зиёд мурожаат келиб тушди. Ўтказилган таҳлил натижалари шуни кўрсатдики,  мурожаатларнинг аксарияти муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам, алимент ундириш, 18 ёшгача болалар нафақаси олиш мазмунида бўлган. Шунингдек, электр тармоқлари объектларини қуриш ва таъмирлаш, ички йўлларни шағаллаштириш, асфальтлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш билан боғлиқ ариза ва шикоятлар ҳам бўлган.  Муҳими, уларнинг ҳар бири алоҳида эътибор билан ўрганилган ва қайси соҳага оидлигидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар иштирокида муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилган.

Жорий йилни ҳам мурожаатларга алоҳида эътибор билан ёндашиш ҳисси билан бошладик. Ўтган қисқа муддатда бир неча ўнлаб мурожаат қабул қилинди ва уларда билдирилган талабларни қондириш диққат марказимизда бўлмоқда.  "Боғишамол" маҳалла фуқаролар йиғини Хумхона кўчасида жойлашган хонадондаги кам таъминланган фуқаронинг уй-жойи таъмирталаб ва яшаш шароити оғирлиги билдириб ёзилган мурожаат ижобий ечим топди. Яъни эски уй бузилиб, ўрнига янги 2 хоналиси  қуриб берилди. Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи боқувчисини йўқотган, ижтимоий кўмакка муҳтож  Р. Худойбердиеванинг бошпанаси ҳам янгиланди. Аниқроқ айтганда,  Халқ қабулхонаси аралашуви билан ҳомийлар кўмагида  мурожаатчига тегишли  уйнинг том қисми яроқли ҳолатга келтирилди, олд қисми таъмирланиб, ҳовлига бетон йўлаклар ҳам ётқизилди. 

Муроажатлар асосида кўчаларни ободонлаштириш, электр таъминотини яхшилаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, "Истиқлол" маҳалла фуқаролар  йиғинида 1 км. масофага бетон ариқлар ётқизиш, 35 дона тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, сув минораси қурилиб, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўрилди. Озод МФЙга 2 та, Олмазор МФЙга битта электр трансформаторлар ўрнатилган.

Узунқишлоқ маҳалласи фуқароларидан келиб тушган мурожаатга асосан 12 та сим-ёғоч, битта трансформатор ўрнатилиб, 600 метрга электр тармоқлари тортиб берилди. Шунингдек, Қорасув маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг  талаблари ҳам қондирилди. Яъни Ёш-лик-1 кўчаси бошида табиий газ тармоғи борлиги, лекин туман газ корхонаси томонидан шу тармоққа уланиш учун рухсат берилмаётганлиги  ҳолати ўрганилди.  Халқ қабулхонаси аралашуви билан 21 та хонадон табиий газ тармоғига улаб берилди.

Хуллас, ижобий ҳал этилган масалалар талайгина. Халқимиз томонидан бундан ке-йин ҳам мурожаатлар билдирилиши табиий. Зеро одамлар ўз ҳуқуқини билиб, давлат муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хизмат кўрсатувчи ташкилот ва корхоналар олдига ҳақли талабларини қўймоқда. Мана шундай жараёнда юқорида таъкидлаганимиздек, аҳоли талаб ва истаги асосида фаолият кўрсатиш вазифаси бизнинг зиммамизга ҳам юклатилган. Бундай масъулиятни ҳис этган ҳолда янги 2024 йилда ҳам сидқидилдан иш олиб бораверамиз.

Ҳамиджон ТОШМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси

Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.