Она ватан ҳимояси - муқаддас бурч. Уни шараф билан адо этиш, мустақил мамлакатимиз учун хавф туғилганда, ҳар биримиз якдил ҳолда суверенитетимизни муҳофаза қилишга тайёр  туришиимз зарур. Фуқаролар қалбида ана шундай ҳисни кучайтириш, айниқса, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш алоҳида аҳамиятга эга. Шунинг учун бу масалага давлат даражасида эътибор қаратилади.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ватан таянчи" болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш чораларини кўряпмиз.

Маълумки, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук ва жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида қабул қилинган мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида "Ватан таянчи" болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракатини ташкил этиш белгиланган. Туманимизда ҳам ана шу ҳаракат асосида умумтаълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида таркиби 20 нафар 10-11-синф ўқувчиларидан иборат бўлган "Ватан таянчи" отрядлари тузилган. Отряд аъзолари фаоллигида давра суҳбатлари, конференциялар, амалий машғулотлар, тренинглар ҳамда маданий-маърифий, оммавий-маданий ва бошқа тадбирлар уюштирилмоқда. Энг фаоллар эса хизматларига яраша тақдирланмоқдалар.

Сўнгги йилларда муддатли ҳарбий хизмат нафақат  бурч, балки шараф билан ўталадиган хизматга айланди. Қуролли Кучларимизда амалга оширилган ислоҳотлар, аскар ва офицерлар учун яратилган шароитлар, қисмларда ижтимоий-сиёсий муҳитнинг талаблар даражасида ташкил этилганлиги натижасида армия сафида бўлишни истаган ёшлар сони ортмоқда. Шунингдек, хоҳловчилар ичидан энг сараларини танлаб олишга ҳам аҳамият кучайтирилмоқда.

2024 йилда ўтказиладиган чақирув мавсумига сифатли тайёргарлик кўриш учун туманимизда яшовчи барча чақирилувчиларни жалб қилишга киришганмиз. Туман мудофаа ишлари бўлимида чақирилувчиларнинг туман тиббий комиссияси орқали соғлиқ даражаларини текширувдан ўтказиш  ва танловга жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Демоқчимизки, юқори малакали шифокорлар томонидан чақирув ёшидаги йигитлар чуқур тиббий кўрикдан ўтказиладилар. Муносиб топилганлар эса танловга тавсия этиладилар. Унда чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси 15 балли шкала бўйича баҳоланиб, ҳар бир нормативга "аъло" баҳо учун - 5 балл, "яхши" баҳо учун - 4 балл, "қониқарли" баҳо учун - 3 балл берилади, "қониқарсиз" баҳо учун балл  берилмайди.

Чақирилувчилар кетма-кетликда умумжисмоний нормативларни ҳам бажарадилар. Хусусан, турникда тортилиш, 100 ва 3000 метрга югуриш амалга оширилади. Барча нормативларни уддалаганлар якка тартибдаги суҳбатдан ўтишлари лозим. Суҳбат жараёнида чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамиятда тутган ўрни, оилавий аҳволи, обрў-эътибори, юриш-туриши, қизиқишлари, Ўзбекистон тарихи, буюк саркардаларимиз ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига доир билимлари аниқланади.

Қисқача айтганда, Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун бугунги кунда энг сара йититларимизни танлаб олишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Зеро, тобора тараққий топиб бораётган мустақил Ўзбекистонимиз сарҳадлари ишончли қўлларда бўлиши керак. Тинчлик-осойишталигимизни муҳофаза қилиш учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр турадиган авлодни шакллантиришда бизнинг ҳам озми-кўпми ҳиссамиз борлигидан фархланамиз. Барчани 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этарканмиз, осойишталигимиз бардавом, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин, деймиз. 

Умиджон МИРЗАЕВ, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.