Ниҳоят, тарихга 2023 рақами билан яна бир йил қайд этилди.  Ўтган ана шу даврга назар ташласак, энг аввало, ер юзида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар хотирамизда бирма-бир жонланади. Ҳали дунё ҳамжамияти Россия-Украина можаросига ечим топмай туриб, Ғазо секторидаги нотинчлик авжга чиқди. Снарядлар туфайли бино ва иншоотларнинг кули кўкка совурилди. Гўзал истиқоматгоҳлар бир зумда вайронага айланди. Ачинарлиси, ўзаро келишмовчиликлар оқибатида минглаб тинч аҳоли - аёллар ва болалар қурбон бўляпти. Қочқинлар сони ортяпти. Уруш туфайли гегемон давлатлар ўртасидаги "ўйин"лар шу қадар чигаллашяптики, охири бахайр бўлсин, дейсан беихтиёр...

Эътиборлиси, жаҳонда геосиёсий вазият таранглашиб бораётган бир пайтда туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда. Ноябрь ойи аввалида қўшни Қозоғистонда Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10-саммити бўлиб ўтгани ва ташкилотга аъзо беш давлат - Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистон ҳамда кузатувчи мақомидаги Туркманистон ва Венгрия давлатлари раҳбарлари иштирок этиб, ҳамжиҳатликни тараққийлаштириш борасида фикр алмашганликлари кўнгилга анчайин таскин беради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев анжуманда биринчи бўлиб нутқ сўзлади ва етти пунктдан иборат таклифларини билдирди, муаммоли ҳолатларга эътибор қаратди. Хусусан, ўзаро ишончни ошириш, глобал логистика занжирини шаклантиришдан тортиб туркий давлатлар учун тинчлик ва барқарорлик таъминланган Афғонистон жуда муҳим эканлигигача айтилди. Савдо ҳамкорлигини ошириш ўта зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланди.

Мазкур саммитда Исроил-Фаластин можаросига алоҳида эътибор қаратилгани уруш ва тинчлик мавзуси ҳар доим ўта муҳим бўлиб келганлиги ва шундай бўлиб қолишини англатади. Президентимизнинг 8 декабрь - Ўзбекис-тон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун олдидан Ўзбекистон халқига байрам табригида ҳам дунёнинг турли минтақаларида зиддият ва қарама-қаршиликлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётгани, бундай  ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда барчамиз янада бирлашишимиз кераклиги алоҳида таъкидланди.

Барчамизга маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йилнинг 22 декабрида  Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари энг долзарб масалалар ҳақида яна бир бор фикр юритди.

Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари шиддатли тус олгани, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётгани қайд этилди. Хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали асосан четдан, баъзан, ҳатто, мамлакатимизнинг ўзида ҳам Конституция ва қонунларимизга зид позициялар илгари сурилаётгани, жумладан диний эътиқод ниқоби остида ёшларни маърифатга эмас, жаҳолатга ундаш ҳолатлари пайдо бўлаётгани таъкидланди. Бундай вазиятда жамиятимизда жаҳолатга қарши маърифат билан курашишни кучайтириш, эҳтиёткорлик ва огоҳликни ошириш лозимлиги таъкидланди.

Демак, биз, Ўзбекистон аҳолиси нима қилишимиз лозим? Энг аввало, мамлакатда инсон ва унинг манфаатлари марказий ўринда туриши ва халқимиз фаровонлиги ҳамда қулай ҳаёт кечиришини таъминлаш давлат органлари учун бош мақсад эканлигини англаб етишимиз зарур. Юртимизда ҳар бир шахс ўз қобилияти ва иқтидорини намойиш этиши учун барча шароитлар яратилганлиги ва бундан унумли фойдаланиш жамият тараққиёти учун фойдали эканлигини ҳам юракдан ҳис қилишимиз керак. Айниқса, фарзандларни ўқиб-ўрганиб, етук кадрлар бўлиб етишишларини таъминламасак бўлмайди. Зеро жаҳонда илм-фан кундан-кун тараққий этиб бормоқда ва астойдил ҳаракат қилинмаса, замондан орқада қолиб кетиш ҳеч гапмас.

Тинчлик-осудалик  таъминланган Ўзбекистон халқи жаҳонга яратувчанлик кайфияти билан, очиқ назар билан боқаркан, дунё ҳамжамияти олдида обрў-эътиборимиз янада мустаҳкамланишига шак-шубҳа йўқ. 2023 йилда эришилган ютуқларимиз кўлами 2024 йилда янада кенгайишидан ҳам, албатта, умидвормиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, муҳими, она юртимиз ҳамиша тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин! 2024 йил - Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қуватлаш йили муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.