Яна саноқли кунлардан кейин катта сиёсий тадбир - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтадиган кун - 9 июль санаси ҳам тобора яқинлашмоқда. Шубҳасиз, Президент сайлови Ўзбекистонда замонавий демократия ғояларининг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади.

Президент сайлови халқимизнинг эртанги куни, фаровонлиги, давлатимизнинг равнақи, дунё ҳамжамиятидаги мавқеи мустаҳкамланиши билан боғлиқ долзарб жараён ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Президент сайлови юксак сиёсий тафаккур маҳсули - Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг рўёби, Ўзбекистоннинг юксак тараққиётига халқ билдирадиган комил ишончнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади. Зеро, Президент сайлови демократик стандартларда белгиланган ҳолда ҳалоллик билан очиқ, шаффоф ўтиши, эркин, ихтиёрий, ҳақиқий ва адолатли ташкил этилиши ва ўтказилиши Конституция ва қонунларимизда белгилаб қўйилган. Зотан, давлат ҳокимиятини эркин ва ошкора, муқобиллик асосида ўтадиган сайловлар орқали шакллантириш демократиянинг олий кўринишидир. Фуқаролар сайлов орқали давлат бошқарувида ўзининг овози, сиёсий иродаси билан бевосита иштирок этади.

Шу йил 30 апрель куни мамлакатимиз тарихи учун яна бир зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйиладиган сана бўлди, десак айни ҳақиқат. Сабаби ушбу кунда халқимиз яна бир бора бирдамлигини бутун дунёга намоён қилди. Бўлиб ўтган умумхалқ референдумида сайловчиларнинг 85 фоизи иштирок этган бўлса, уларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ёқлаб овоз берди.

Галдаги қадам, албатта, қабул қилиниб кучга кирган Бош Қомусимизни ҳаётга татбиқ этиш ҳисобланади. Яқинда эълон қилинган "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони эса бу борада дастуриламал бўлиши, шубҳасиз. Мазкур ҳужжатда Конституциямизда акс этган янги нормаларни амалиётда тўлақонли ўз ифодасини топиш тартиблари баён этилган.

Яна бир асосий мавзу - бу ҳам бўлса, муддатидан илгари Президентлик сайлови ҳақида. Барчамизга маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизда амалдаги Президентнинг ўзи ҳам муддатидан илгари Президент сайловларини ўтказиш ташаббусига эга. Қолаверса, бу борада сайлов қонунчилигига унинг тартиблари белгиланди. Мазкур ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда жорий йилнинг 8 май куни давлатимиз раҳбари мамлакатда муддатидан илгари Президент сайловлари ўтказилишини эълон қилди.

Бу ҳолатни демократик қадам дейишимизга тўла асослар бор. Аввало, қонунчилик, янги таҳрирдаги Конституция ҳам, амалдаги Президентга 2026 йилгача Президентликни давом эттириб, кейин яна сайловларда иштирок этиши учун тўсқинлик қилмайди. Аммо Юртбошимизнинг ҳали яна 3,5 йиллик ваколат муддати бўла туриб, ўз ташаббуси билан ундан воз кечиши Президентнинг халқ ва давлат манфаатларини ўз манфаатларидан устун қўйиб, халқимизга бўлган чуқур ҳурматини кўрсатди.

Шу билан бирга, агар эътибор билан қарасак, янгиланган Конституцияда Парламент, Президент ва Ҳукуматнинг ваколатларида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Бу ўз навбатида, давлат ҳокимияти органлари янгича конституциявий муҳит ва шароитда фаолият олиб боришни тақозо этади.

Қолаверса, янги Президентлик сайловлари сиёсий партиялар учун ҳам яхшигина имконият. Сайлов жараёни бу сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар ўзининг дастурий ғояларини кенг аҳоли қатламига тақдим этиш, халқни қийнаётган масалалар бўйича ўз ечимларини таклиф этиш орқали тарафдорларини кўпайтириш фурсати ҳамдир.

Сайловни халқ учун ҳам яхшигина фойдаси бор. Мулоқот жараёнида ҳудудлардаги муаммоларнинг ечими кейинчалик тезлашади, керак бўлса, унга ажратилиши қийин бўлган маблағлар ажратилади, фаолиятни ҳам янгича ташкил этиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, демократик сайловларда партия эмас, аслида халқ ютади. Ўтган сайловлар ва референдум натижалари халқимизнинг сиёсий маданияти ошганлигини кўрсатмоқда. Демак, янги Президентлик сайловларига ҳам халқимиз тайёр.

Жавлонбек АБДУЛЛАЕВ, Халқ депутатлари

туман Кенгаши депутати.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.