Ёшим 95 га яқинлашиб қолди. Турли даврларни кўрдик, турли даврларда ишладик, яшадик, лекин бугунгидек доруламон замонни, очиғи, кўрмагандик. Аввало, етказганига шукур. Қолаверса, жамиятимизда юз бераётган ижобий ўзгаришлар учун Юртбошимизга миннатдорлик айтмасам бўлмайди. Ахир яқин-яқинларгача ким ўқитувчи билан ҳисоблашарди, кимнинг иши бор  эди у қандай шароитда ишлаётгани билан?! Турли кўринишдаги мажбурий меҳнатга жалб этилганлик ҳақида гапириш тугул, эслашнинг ўзи одамнинг этини жунжиктириб юборади...

Шукурки, бугун нафақат педагогларга эътибор ва ғамхўрлик кучайган, балки  ҳар бир фуқаронинг яхши яшаши ва қулай шароитларда меҳнат қилиши учун имконият яратилмоқда. Муҳими, инсон манфаати ҳуқуқий ҳимояланмоқда. Бунинг учун ҳуқуқий асослар яратиляпти. Янгиланган ҳолида 1 майдан амалга кирган Бош Қомусимиз фикримга яққол мисол бўла олади. Конституцияга кўра ижтимоий давлат, дея эътироф этилган мамлакатимизда бундан буён аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига, хусусан биз сингари пенсионерларга алоҳида эътибор қаратилиши қувонарли. 

Очиғи, 30 апрелни жуда ҳам интиқлик билан кутдим ва биринчилардан бўлиб референдум участкасига бордим. Одамлардаги хуш кайфият, бир-бирларига бўлган илиқ муносабатларни кўриб, дилим яйради. Айниқса, нуронийлар билан бир қаторда ёшларнинг кўплигидан ҳам хурсанд бўлдим. Чунки ўғил-қизларнинг мамлакатнинг эртанги кунига бефарқ эмаслиги жуда муҳим.

Референдумда ҳур диёримизнинг порлоқ келажаги учун овозимни бердим ва бундан беҳад миннатдорман. Истардимки, қуёшли диёримизда халқнинг турмуш фаровонлиги ҳозиргидан-да ошсин.

Акбарали ҚЎЗИБОЕВ, меҳнат фахрийси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.