Муҳим сиёсий тадбир - шу йилнинг 30 апрелида ўтказиладиган референдумга кундан-кун яқинлашиб бормоқдамиз. Бу эса референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни бефарқ бўлмасликка, юксак масъулиятни  ҳис этган ҳолда ушбу тадбирда фаол қатнашиш зарурлигини ёдга солади.

2023 йил 30 апрелга тайинланган референдумда Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси тўғрисидаги қонун овозга қўйилади.

Бюллетенда: "Сиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунини қабул қиласизми?", дея ёзилган жумлаларга фуқаро ўз муносабатини билдириши зарур бўлади.

Аслида референдум ўзи нима, у сайловлардан нимаси билан фарқланади? Бевосита демократиянинг муҳим воситаси ҳисобланган референдум умумхалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилиш шаклидир. Референдумнинг сайловдан асосий фарқи - референдум ўтказилаётганда бирон бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки унда муайян масала - қонун, қонун лойиҳаси, конституция, конституцияга тузатишлар, мамлакат халқаро мақомига тааллуқли ёки ички сиёсатига оид бирор бир савол қўйилади.

Амалдаги Ўзбекистон Конституциясида "жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига тақдим этилиши, умумий овозга (референдумга) қўйилиши" қайд этилган. "Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида"ги қонунга кўра, "референдум Ўзбекистон қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир".

Конституциянинг 127-моддасига мувофиқ, Конституцияга ўзгартириш киритиш ҳам "жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари"дан бири ҳисобланади.

Референдум тўғрисидаги қонунда таъкидланилишича, Ўзбекистонда референдумларда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлиб, бу қарорлар "бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, (...) фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Маълумот учун, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошириляпти - умуман олганда, конституция 65 фоизга ўзгармоқда. Ўзгаришлар қаторидан президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш, сенаторлар сонини 100 нафардан 65 нафарга камайтириш, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатларини бир-биридан ажратиш кабилар ўрин олган.

Яна бир жиҳат, тарихимизда илк бора Ўзбекистон - ижтимоий давлат, деб белгиланмоқда. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик - давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани мустаҳкамланяпти. Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш   бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда.

Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони 3,5 баробарга ошмоқда. Айниқса, инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтириляпти. Шу жиҳатдан, Бош қомусимизни том маънода халқ Конституцияси десак, муболаға бўлмайди.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасидаги ўзгаришлар ичида энг муҳимларидан бири, бу 52-моддада давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши қатъий белгиланаётганидир. Ушбу норманинг киритилиши таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини давлат тарафидан ҳимоя қилишга, шунингдек, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий ва моддий фаровонлигини янада яхшилаш учун хизмат қилади.

Хабаримиз бор, яқинда педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланди. Унга кўра, педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилмоқда. Жумладан, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 30 млн сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 45 млн. сўмгача (БҲМнинг 150 баравари) жарима билан жазоланиши мумкин.

Жиноят кодексида ҳам педагогларга қарши ҳаракат учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланди ва жазо кучайтирилди. Яъни педагог ходимни меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун, агар худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, 45 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, референдум ўтказиладиган кунга қадар ёки референдум кунида 18 ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур референдум участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган фуқаролар овоз берувчи фуқаролар рўйхатига киритилади.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоиз, референдум куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар муддатидан олдин овоз бериши мумкин. Бу жараён эса 19 апрелда бошланган ва у 26 апрелгача давом этади. Референдум участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар этиб белгиланган.

Хуллас,  референдум фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ислоҳотлар жараёнида бевосита қатнашишини таъминлаш билан бирга, уларнинг туб ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ҳам кучайтиради. Таъкидлаш жоизки, Конституция лойиҳаси матни юзасидан фуқароларимиз томонидан 220 мингдан ортиқ таклифлар берилганлиги уларнинг мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнларга бефарқ эмаслигидан далолат беради.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши "Инсон қадри учун" тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятини жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади. Шу билан бирга ижро ҳокимияти органларининг масъулиятини оширишга, давлатнинг янги мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда ҳукумат ва ҳокимлар олдида турган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлашга хизмат қилади.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.