Референдум Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа қарорларни  қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. У сайловлар билан бир қаторда, халқ иродасининг бевосита ифодасидир. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. Бу тадбир ўтказилиши билан боғлиқ участкалар туман ва шаҳар ҳокимларининг тақдимномасига биноан округ комиссиялари томонидан тузилади.

Муддатидан олдин овоз бериш

Референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаро муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу референдумга ўн кун қолганида бошланади ва референдумга уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва овоз берувчи фуқароларнинг, кузатувчиларнинг, эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун овоз берувчи фуқаро референдум кунида бўла олмаслигининг сабаблари кўрсатилган ариза асосида тегишли участка комиссиясидан бюллетень ва конвертни олади. Участка комиссияси овоз берувчи фуқародан референдум кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланади.

Бюллетень махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида овоз берувчи фуқаро томонидан мустақил қарор қабул қилиш орқали тўлдирилади. Овоз берувчи фуқаро тўлдирилган бюллетенни конвертга солади, елимлаб ёпади ва тўлдирилган бюллетенни ёпиқ конвертда участка комиссияси аъзосига топширади. Участка комиссиясининг аъзоси овоз берувчи фуқаро ҳозирлигида конвертнинг ёпиқлигини текширади ва конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади. Конверт референдум куни овоз бериш жараёни якунлангунига қадар участка комиссиясининг сейфида сақланади.

Овоз берувчи фуқаронинг турган жойда овоз беришини ташкил этиш

Айрим овоз берувчи фуқаролар соғлигининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка комиссияси овоз беришни ушбу овоз берувчи фуқароларнинг референдум куни ёки референдум кунига қадар қилган ёзма ёки оғзаки мурожаатига биноан улар турган жойда ташкил этади.

Бунда участка комиссияси аъзоси қайдлов дафтарига овоз берувчи фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, мурожаат қилинган вақти ҳақида тегишли ёзув киритади ва ушбу маълумотлар участка комиссияси аъзосининг имзоси билан тасдиқланади.

Участка комиссияси томонидан овоз берувчи фуқаро турган жойда овоз беришни ташкил этиш референдум кунидаги иш ҳажми ва вазиятдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича йўлга тушадиган участка комиссиясининг аъзолари мурожаатлар сонига тенг миқдордаги бюллетенларни имзо чекиб оладилар. Фуқаролар мурожаатларининг сони, шунингдек ишлатилган ва қайтарилган овоз бериш бюллетенларининг сони алоҳида далолатномада қайд этилади.

Участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси кўчма қути билан овоз берувчи фуқаронинг турган жойига юборилади, улар овоз берувчи фуқаронинг хоҳиш-иродаси сир сақланишига риоя этилган ҳолда овоз бериш амалга оширилишини таъминлайди. Бунда кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкин.

Турган жойида овоз берган овоз берувчи фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар ҳақида участ-ка комиссияси аъзоси томонидан овоз берувчи фуқаролар рўйхатидан кўчирмага тегишли ёзув киритилади ва овоз берувчи фуқаро бюллетен олганлигини тасдиқлаб, ушбу рўйхатдаги фамилияси қаршисига имзо чекади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, референдум кунига қадар ёки референдум кунида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқароси референдумда иштирок этиш ҳуқуқига тўла ҳақлидир.

С. УМАРОВ,  вилоят прокуратураси бўлими терговчиси.                                                                 

Б. АБДУЛЛАЕВ,  туман прокурори ёрдамчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.