Тарихга айланган 2022 йил сўнггида Ўзбекистон  Респуб-ликаси Президенти Шавкат   Мирзиёев анъанавий тарзда Олий Мажлис ва Ўзбекистон  халқига  Мурожаатнома йўллади. Юртбошимизнинг Мурожаатномаси мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги босқичга дадил қадамлар билан ўтаётганлигини ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлигини  яна  бир  бор  намойиш этди. Менимча, ҳар бир ўзбекистонлик мазкур Мурожаатномани алоҳида диққат-эътибор билан тинглади, интернет ҳамда босма оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинган мазкур муҳим ҳужжат матнларини ўқиб чиққанлар ҳам бисёр. Зеро, унда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниши билан бирга, янги 2023 йилга ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган режалар батафсил баён этилган.

Мурожаатномада халқимиз соғлиғини  сақлаш,  одамларни касб-ҳунарли қилиш,  уларнинг бизнесига кенг йўл очиш, ҳақиқий мулкдор бўлиб, даромад топишлари учун зарур шароитларни яратиш, таълим ва иқтисодиёт йўналишларида кенг кўламли ишлар  белгиланиб,  2023  йилнинг юртимизда "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили", деб эълон қилиниши жонажон Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар бир фуқарода келажакка ишонч ва ифтихор туйғусини кучайтиради, албатта!

Қолаверса, бу мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган ва давлат сиёсатининг энг устувор таомийилларидан бирига айланган инсон омилига эътибор борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилишини англатади.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада дунёда рўй бераётган мураккаб сиёсий ва иқтисодий шароитда, икки йилдан ошиқроқ вақт давом этган пандемиядан кейин мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, халқимиз томонидан эришилган ютуқлар ҳақида гапирди. Шунингдек, янги йилга мўлжалланган режаларга бирма-бир тўхталди. 2023 йилда рўёбга чиқарилиши муҳим деб ҳисобланган  олтита йўналишда қандай ишлар амалга оширилиши билан ўртоқлашди.

Биринчи йўналишда ихчам ва самарали давлат бошқарувига ўтиш таклиф этилди. Вазирлик ва идоралар, давлат хизматчилари сонини камайтириш орқали тежаб қолинадиган маблағларни ижтимоий масалаларни ҳал этишга йўналтириш айтилди.

Ш. Мирзиёев иккинчи йўналиш ҳақида гапирар экан, мақсад Ўзбекистонни "ижтимоий давлат" сифатида қуриш эканлигини билдирди. Бу борада таълимга алоҳида урғу берилиши таъкидланди.  "Нажот - таълимда, нажот - тарбияда, нажот - билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади". Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг бу сўзлари депутат ва сенаторларимиз, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак. Шу боис, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимларнинг шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифаларимиздан бири бўлади", деди давлатимиз раҳбари.

Бу борада қандай услублардан фойдаланиш ҳақида батафсил тўхталган Юртбошимиз халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган  қурилиш ва таъмирлаш ишлари кўлами 2023 йилда янада кенгайишини алоҳида таъкидлади. Хусусан, 70 та янги мактаб қурилиши, 460 та мактаб кенгайтирилиши айтилди. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланганлиги, келгуси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилиши билдирилди.

Маълумки, сўнгги йилларда тиббий хизмат сифатини юксалтиришга эътибор кучайтирилмоқда. Мурожаатномада аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш ишлари давом эттирилиши ва келгуси икки йилда ҳар бир оилавий поликлиника ва шифокор пунктига энг керакли ускуна ҳамда жиҳозлар етказиб берилиши баён қилинган. Янги йилда қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалари, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилади.

"Маҳалла - тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, маърифат ва тарбия қўрғонидир. Шунинг учун ҳам бундан буён давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилади", деди Президентимиз Ш. Мирзиёев. 2023 йилда аҳоли томонидан таклиф берилган сув, электр энергияси, йўл, мактаб каби йўналишлар бўйича лойиҳалар учун қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилиши айтиб ўтилди. Режага кўра, ҳар бир маҳалла ўзининг кутубхонаси, спорт майдончасига эга бўлади.

Мурожаатномада учинчи йўналиш инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш масаласига бағишланган. Бу борада давлатнинг конституциявий мажбуриятини янада кучайтириш кўзда тутилган. Одамларнинг судлар билан боғлиқ оворагарчиликларига барҳам бериш, суд қарорлари ижро этилмай қолиши масаласига чек қўйиш кераклиги таъкидланди.  Адолатли ҳукм ва қарор чиқариш бўйича вилоят судларининг ваколати ҳам, масъулияти ҳам оширилади.

Президентимиз тўртинчи йўналишда экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётганига тўхталди. "Биз нафақат бугунги, балки келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз шарт. Шу боис, Конституциямизда табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилиш бўйича талабларни кучайтиришимиз зарур", деди Президент.

Эндиликда сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизими жорий этилади ва келгуси уч йилда 13 мингга яқин сув хўжалиги объекти рақамлаштирилади. Шу билан бирга, 16 та йирик насос станцияси давлат-хусусий шерикчилик асосида модернизация қилинади ва муқобил энергияга ўтказилади. Хайрли тадбирлардан бири сифатида эътироф этилаётган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар эса тобора кучайтирилади.

Эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласи кўрилган бешинчи йўналишнинг энг аҳамиятли томони, бизнингча, туманларнинг тоифаларга бўлиниши бўлди. Яъни, эндиликда тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг тушунтиришича, мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган 20 та туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз миқдорида белгиланади. Мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайдилар. Якка тадбиркорлар эса қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади.

Олтинчи йўналиш иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни янада яхшилаш масаласига бағишланди. Бу борада 2023 йилда қарийб 30 миллиард доллар сармоя жалб қилиниши, шундан 25 миллиард доллар хусусий инвестициялар бўлиши ҳақида сўз борди. Жумладан, умумий қиймати 8 миллиард долларлик 300 дан зиёд лойиҳа ишга туширилади ва яна 40 та янги йирик лойиҳа бошланади.

Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, дунёда геосиёсий вазият тобора қалтис тусга кириб бормоқда. Давлатлар ўртасида ўзаро ишонч йўқолиб, низолар авж олаяпти. Мана шундай шароитда барчамиз огоҳ бўлишимиз, юртимиздаги тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек асрашимиз лозим. Давлатимиз раҳбари барча депутат ва сенаторлар, маҳалла, нуроний, хотин-қизлар ва ёшлар фаолларига, бутун халқимизга қарата мурожаат этар экан, энг бебаҳо олий неъмат - тинчлигимиз ва осо-йишталигимизнинг қадрига етишимиз зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Бизнингча, Ўзбекистоннинг ёруғ келажаги, халқимизнинг фаровон турмушини ўйлаган ҳар бир инсоннинг қалб тўридан Юртбошимизнинг қуйидаги гаплари ўрин олиши лозим: "Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз.

Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлимиздан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Кўзлаган марраларимизга албатта етамиз. Бу йўлда нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халқимизга таянамиз.

Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни, албатта, барчамиз биргаликда бунёд этамиз".

 

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.