Мамлакатимиз сарҳадларининг дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, эл-юртимизнинг осуда ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир, замонавий қурол-аслаҳа ва техника билан таъминланган, яхши тайёрланган ва бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган, сон жиҳатидан ихчам ва ҳаракатчан Қуролли Кучларни вужудга келтириш - Ўзбекистонимизнинг буюк келажагини барпо этиш йўлидаги энг муҳим вазифаларимиздан биридир.

Бош Қомусимиз ҳисобланган Конституциямизда Ватанни ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи эканлиги белгиланган.

Юртимизда мана шу муқаддас бурчни ўташга қодир мард, жасоратли, метин иродали ёш авлодни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан, сарҳадларимиз дахлсизлиги эса ишончли қўриқланаётганидан кўнгилларимиз тўқ.

Қуролли Кучларимизда мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда. Ўтган давр мобайнида миллий армиямизни шакллантириш, стратегик ва тактик вазифаларни бугунги кун талаблари даражасида уддалай оладиган кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳал этилди. Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни бузишга қаратилган ҳар қандай ёвуз ҳаракат ва хуружларга муносиб зарба беришга қодир бўлган армияни барпо этиш йўлида кўпгина ишлар амалга оширилди. Ҳарбий соҳага қизиқувчи ватанпарвар, мард ўғлонлар сафи ҳам кенгайиб бормоқда.

Бизнинг зиммамизга ҳам она Ватан ҳимоясига ҳисса қўшиш борасидаги энг масъулиятли вазифалардан бири юклатилган экан, хизмат бурчимизни садоқат ва фидойилик билан уддалаб келмоқдамиз. Бўлимимизда нав-батдаги чақирувга тайёргарликларни кучайтирдик. Интеллектуал, жисмоний ва психологик синовлардан ўтган ёшларни тиббий кўрик орқали саломатликларини яна бир бор текширишга киришилди. Ақлан ва жисмонан соғлом, сиёсий жиҳатдан ҳушёр деб топилган, барча босқичдаги шартларни муваффақиятли бажарган йигитлардан энг сараларини эса муддатли ҳарбий хизматга жўнатамиз.

Қувонарлиси, ёшларимиз муддатли ҳарбий хизматни нафақат бурч, балки шараф деб билмоқдалар. Армияга интилувчилар сони йилдан-йил ортмоқда. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизмат мобайнида ўзининг ҳулқи, одоби, ҳаракати билан сафдошларига ўрнак бўлган, сиёсий ва жисмоний тайёргарликларда юқори натижаларга эришган йигитлар учун олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида имтиёзлар белгиланганлиги ўзлигини намойиш этиш учун улкан бир имконият бўлди.

Ёшларимизнинг Ватанни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни бажаришга - ҳарбийликка қизиқишлари ортаётганини олий ҳарбий билим юртида ўқиш истагини билдираётган ёшлар кўплигидан ҳам билиш мумкин. Яъни айни кунда ўнлаб тумандошларимиз республикамизнинг турли олий ҳарбий билим юртларида таҳсил олаётганликлари билан бир қаторда яна юзлаб йигитлар ўқишга кириш учун астойдил тайёргарлик кўрмоқдалар.

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни. Бу қутлуғ санани муносиб кутиб олиш диққат марказимизда. Ҳозирги кунда мудофаа ишлари бўлимида "Ватанпарварлик ойлиги" доирасида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Ҳамкор ташкилотлар билан баҳамжиҳатликда ёшлар қалбида она Ватанга меҳр-муҳаббатни кучайтириш, уларда юрт  шаъни, халқ манфаати учун фидойилик ҳиссини шакллантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу борада турли тадбирлар ташкиллаб, иложи борича кўпроқ ёшларни жалб этишга ҳаракат қилмоқдамиз.     

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида туман ҳудудида жойлашган умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар мактаблари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ёшлар билан суҳбат ва учрашувлар уюштириляпти. Бундай тадбирларда Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият,  ҳарбийларга яратилган шароит ва  имтиёзлар, олий ҳарбий таълим муассасалари ва "Темурбеклар мактаби" ҳарбий академик лицейлари борасида батафсил маълумотлар бериб келинмоқда. Қолаверса, ёшларни ҳарбий соҳага қизиқишларини орттириш мақсадида ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳалар намойишлари, фахрий қоровул, ҳарбий оркестр, ва қўл жанги бўйича чиқишлар кўрсатиляпти.

Ўрни келганда айтиб ўтиш жоиз, туман мудофаа ишлари бўлимида 2022 йилги сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олинган фуқароларнинг аъзолик пул бадалларини махсус ҳисобга ундириш ишлари вилоят бўйича биринчи ўринда бажарилди. 2023 йилга сафарбарлик чақируви резервидаги  хизмат учун чақирилувчилар ва уларнинг кафиллари билан шарт-номалар тузиш ишлари  ҳам кўнгилдагидек кетмоқда.

Умиджон МИРЗАЕВ, туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи,

подполковник.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.