Янгиланаётган Ўзбекистон шароитида сўз эркинлигини таъминлашга Президент даражасида эътибор кучайтирилмоқда. Давлатимиз раҳбари журналист ва блогерлар билан юзма-юз мулоқотлар чоғида соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлар экан, жамиятдаги ютуқларни эътироф этиш билан бирга, камчиликларни рўйи-рост кўрсатишга бизларни даъват қилмоқда. Ҳали ҳанузгача янгича сиёсатни тўла англаб етмаган ва эскича услубда ишлашни хуш кўрадиган амалдорлар билан эса муросасиз бўлишга ундаяпти. Мақсад, ҳаётимиздаги бугунги улкан ўзгаришлар, ислоҳотларда ОАВнинг ролини оширишдан иборатдир.

Оммавий ахборот воситалари жамият тараққиётини таъминловчи механизмлардан бири сифатида эътироф этилади. Биргина мисол, сўз эркинлиги, ошкоралик барқарор бўлган мамлакатлар тажрибасидан маълумки, тараққиётга тўғаноқ бўлувчи, тузумни парокандаликка олиб борувчи коррупциядек аянчли иллатга қарши курашда ва унинг олдини олишда ОАВнинг ўрни ниҳоятда салмоқли. Зеро, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, хуфёна иқтисодиёт унсурлари фош этилиши натижасида давлат бюджети маблағларининг талон-тарож қилинишига барҳам берилади. Кўпгина муаммолар ўрнида ҳал қилиниб, ажратилаётган пуллар мақсадли ва манзилли сарфланади. Одамларнинг давлатдан розилиги ва эртанги кунга бўлган ишончи ор-тади.

Биз, ижодкорлар зиммамизга мана шундай улкан масъулият юкланганлигини бир зум бўлса-да, ёддан чиқармасликка ҳаракат қиламиз. Ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланган бўлиши зарурлигини асло унутмаймиз. Муҳими, фаолият қонун доирасида бўлиши, у шахсий хусуматга, сохта обрў орттириш воситасига айланиб кетмаслиги  инсон шахси ва шаънини таҳ-қирлашдан йироқ бўлиши лозимлиги ҳар биримизнинг ёдимизда туради.

Ўрни келганда, таҳририятимизга турли хабарлар, мақолалар ёзиб, газетамиздаги мавзулар ранг-баранглигини таъминлашда иштирок этаётган жамоатчи мухбирларимизни ҳам эрта-индин нишонланадиган касб байрамимиз муносабати билан самимий табриклаймиз. Барчамизга қутлуғ кун муборак бўлсин, азизлар! Сўз эркинлигини таъминлаш йўлида қўйилаётган дадил қадамлар эса янада самарали кечсин.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.