Маҳалла халқимизнинг кўп асрлик тарихий ва азалий қадриятларидан бири. У қадимдан одамларни бирлаштирган, ҳамжиҳатликда яшашга, ҳаётий муаммоларни баҳамжиҳатликда ҳал этишга кўмаклашиб келган. Айниқса, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда, ёшлар тарбиясида маҳалланинг аҳамияти беқиёс.

Ўзбекистон порлоқ тараққиёт йўлидан олға интилаётган ҳозирги даврда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари жамиятни ривожлантиришда катта роль ўйнамоқда. Масалан, камбағалликни қисқартириш муаммосини олайлик. Президентимиз ташшабуси билан айни вақтда мамлакатнинг барча маҳалаларида ҳоким ёрдамчилари фаолият кўрсатмоқда.

Уларнинг вазифаси ҳамма ерда тадбиркорликни кенг қулоч ёйдириш ва аҳоли бандлигини таъминлашдан иборат. Бунда оилалар даромадини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, ишбилармонлик ташаббусларига кенг йўл очиш назарда тутилган. Эҳтиёжманд оилалар учун ер майдонлари ажратилганлиги, томорқалардан фойдаланиш самарадорлигини оширишда ёрдам кўрсатилаётганлиги ўз натижасини бермоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш ва ҳал қилиш, турмуш шароитларини яхшилашга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳам катта ишларни амалга оширмоқдалар. Умуман жиноят содир этилмаган МФЙлар сони ортиб бормоқда. Бунда депутатлар, ёшлар етакчилари, нуронийлар фаолик кўрсатмоқдалар.

Шу кунларда мамлакатимиздаги маҳалла тизими муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа арафасида турибди. Тез орада фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтади. Ҳозир бу тадбирни намунали ўтказиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Туманлар миқёсида кўмаклашувчи комиссиялар иш бошлаган. Уларнинг таркибидан депутатлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ўрин олган. Фуқаролар йиғинларида тузилган ишчи гуруҳлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг аъзолари тадбирни юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятлардан фойдаланмоқдалар.

Асосий мақсад - Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги ҳамда "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Қонунларга биноан маҳалла раислари сайловини ошкоралик ва кўтаринкилик билан ўтказишдир. Ишчи гуруҳлар аъзолари номзодларни танлашда эътиборли бўлишлари, адолат тамо-йилларидан чекинмасликлари зарур. Ҳар бир маҳаллага муносиб, замон талаблари асосида иш кўрадиган етакчилар сайланса, фуқаролар йиғинлари олдига қўйилган вазифаларни кўнгилдагидай бажариш учун шароитлар яратилади.

Бир сўз билан айтганда, тез орада бўлиб ўтадиган муҳим тадбирга алоҳида эътибор билан, пухта тайёргарлик кўриш лозим. Жараёнда иштирок этувчи мутасаддилар ўз вазифаларига юксак масъулият билан ёндашишлари зарур.

Исроил ЖЎРАЕВ, Анорбой ОЛИМОВ, Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси

аъзолари.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.