Барчамиз пандемия шароитида яшашга кўникиб қолдик. Сабаби, ҳозирча пандемиядан қачон бутунлай холос бўлиш ёки КОВИД-19нинг яна қандай ривожланишини ҳеч ким аниқ-тиниқ башорат қила олмайди. Муҳими, кутилмаган балога қарши курашнинг энг таъсирчан услублари амалда қўлланиляпти.  Айниқса, аҳолини  тождор вирусга қарши ялпи эмлаш - пандемияга қарши курашдаги энг муҳим тиббий муолажа сифатида эътироф этилмоқда. Буни халқаро ва миллий тажриба яққол кўрсатиб турибди.

Президент сайловига қизғин ҳозирлик кўраётган Ўзбекистонда ҳам сайловни юртдошларимизнинг саломатлиги қатъий муҳофаза қилинган ҳолда, хавф-хатардан холи, миллий сайлов қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига биноан ҳамда карантин талаблари асосида очиқ-ошкора ўтказиш учун барча шарт-шароит яратилмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Пандемия шароитида сайловда овоз бериш сайловчилар учун ортиқча ташвиш туғдирмайди. Улар сайлов кампанияси бўйича ўтказиладиган тадбирларга ва овоз бериш куни сайлов участкасига келганларида карантин талабларига биноан бир марталик ҳимоя ниқобини таққан бўлсалар ва ўзаро оралиқ масофани сақласалар бас. Бинога, хусусан, сайлов участкасига киришдан олдин сайловчиларнинг ҳароратини ўлчаш, қўлини антисептик воситалар билан зарарсизлантириш имконияти яратилади. Сайлов участкалари ва овоз бериш кабиналари мунтазам дезинфекция қилиб турилади. Тиббиёт ходимларининг нав-батчилиги ташкил этилади.

Энг муҳими, барча округ ва участка сайлов комиссиялари сайлов кампанияси учун ажратилган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳимоя ва дезинфекция воситалари билан тўла таъминланади.

Президент сайловининг мамлакатимизда мустаҳкам қарор топган тинчлик ва осойишталикда, халқимизга хос бағрикенглик ва олижаноблик, меҳр-оқибат, иззат-ҳурмат, сиёсий-ҳуқуқий маданият, қадимий анъаналаримизга мос муҳитда ўтиши учун барча шароитлар яратилмоқда.

Президент сайлови - мамлакат аҳли учун улкан синов, буюк имконият. Юрт аҳлида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси баланд бўлса, халқнинг ҳамжиҳатлиги ва сайловчиларнинг фаоллигига пандемия билан боғлиқ муаммолар асло монелик қила олмайди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.