Савол: - Сайловда овоз бериш учун сайловчида ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлиши керакми?

Жавоб: - Ҳа, бўлиши шарт. Овоз бериш биносига келгач, сайловчи сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади.

Участка сайлов комиссияси аъзоси сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида унинг сайловчилар рўйхатидаги маълумотларини текширади, унга овоз бериш учун сайлов бюллетенини имзо қўйдириб топширади.

 

Савол: - Хорижий давлатларда турган фуқаролар сайловчилар рўйхатларига қандай киритилади?

Жавоб: - Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

 

Савол: - Сайловчилар рўйхатларида хато ёки ноаниқлик аниқланса, қандай ҳаракат амалга оширилади?

Жавоб: - Ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

 

Савол: - Сайловда  қайси   сайлов  участкасида  овоз  беришимни  қандай  аниқласам бўлади?

Жавоб: - Сиз бунинг  учун  www. saylov.uz/taq /uzer-polling-station  ҳаволасига киришингиз  мумкин.Шу  орқали ўз  сайлов  участкангизни  аниқлаб  оласиз.

 

Савол: - Сайлов бюллетени мустақил равишда тўлдира олмайдиган шахс нима қилади?       

Жавоб: - Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 55-моддаси талабига кўра, сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно.

 

Савол : - Сайлов бюллетени бузиб қўйилса,нима бўлади?      

 Жавоб: - Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 55-моддаси мувофиқ Овоз бериш жараёнида эҳтиётсизлик туфайли бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра алмаштириб берилиши мумкин.

 

Савол: - Сайлов куни 18 ёшга тўладиган фуқаро сайловда иштирок эта оладими?       

Жавоб: - Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддаси талабига кўра, сайлов куни 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

 

Савол: - Кўзи ожиз сайловчилар учун алоҳида бюллетенлар жорий қилинадими?       

Жавоб: - Марказий сайлов комиссияси билан Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ўртасида имзоланган ҳамкорлик Келишувига мувофиқ кўзи ожиз сайловчилар рўйхатдан ўтган округ сайлов комиссиялари дислокасияси аниқланиб, улардаги сайлов участкаларида сайловчилар Брайл ёзувида тайёрланган трафаретлар ёрдамида овоз бериши таъминланади.

 

Савол: - Сайлов куни қаерда овоз бериш амалга оширилади?       

Жавоб: -Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 27-моддасига биноан сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Абдуллажон Зарипов тайёрлади.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.