Туман прокуратураси томонидан коронавирус пандемияси пайтида ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган оилаларга ёрдам кўрсатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш орқали даромад манбаи яратиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2-сектор ҳудудида 14 та маҳалла атрофлича ўрганилди. "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида депутатлар билан биргаликда уйма-уй юрилганда, 310 та эҳтиёжманд оилалар аниқланди ва улардаги 1538 нафар аҳоли "Темир дафтар"га киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси кўрсатмасига асосан, прокурор секторидаги кам таъминланган ҳамда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қуватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар доимий равишда saxovat.argos.uz электрон сайтига киритиб борилмоқда.

Кўрилган чоралар натижасида ойлик даромади яхшиланган 122 нафар оилаларни эҳтиёжмандлар рўйхатидан чиқариш юзасидан Халқ депутатлари туман Кенгашига тақдимнома киритилди ва таклиф депутатлар томонидан маъқулланди. Хатлов давомида янги 104 та   оилалар аниқланиб, "Темир дафтар"га киритилди.

Эҳтиёжманд оилалардан ҳар бирининг оилавий шароити ўрганиб чиқилганида, уларнинг 616 нафари меҳнатга лаёқатли эканлиги маълум бўлди. Шу сабабли ишга муҳтож фуқаролардан 486 нафарининг бандлиги таъминланди. Жумладан, 9 нафари оилавий тадбиркорликка, 42 нафари ҳунармандчиликка, 2 нафари инвестиция, 27 нафари қишлоқ хўжалиги, 13 нафари қурилиш комплексига жалб этилди.   Шунингдек улар орасида ўзини ўзи банд қилганлар ҳам бор.

72 нафар оилаларга ғалладан бўшаган ерлардан шартнома асосида экин майдони ажратилди. Ровот МФЙдаги ташландиқ ҳолатда бўлган 5 га ер майдонини ўзлаштириш ҳисобига 67 нафар ишсиз аҳолининг ҳар бирига 0,5 гектарлик иссиқхона қуриб берилди. Қўшимча равишда 7 сотихдан ер ажратилиб, улар бандлиги таъминланди.

Тадбирлар доирасида эҳтиёжманд оилаларга 275,9 млн. сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилиб, 71,3 млн. сўмлик 31 та эҳтиёжманд хонадонларга иссиқхона қуриб берилди. Яна бир қувонарли томони, Ўзбекистон Республикаси Президенти эътибори асосида "темир дафтар"даги 104 нафар эҳтиёжманд оилаларнинг ҳар бирига 1 млн. сўмдан моддий ёрдам пуллари ҳам тарқатилди. Бундан ташқари, ҳар бир оила аъзосига 220 минг сўмдан моддий ёрлам пуллари ўз эгаларига етказилишини таъминлаш мақсадида МФЙ раислари, уларнинг ўринбосарлари, халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари ҳамда профилактика инспекторларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. 107 та оила қамраб олинган янги рўйхат шакллантирилиб, фуқароларга 99,4 млн. сўмлик моддий ёрдам пуллари берилди.

Аҳолини коронавирусдан ҳимоя қилиш ва касаллик тарқалишининг олдини олишда хизмат қилаётган тиббиёт ходимларини меҳнатларига яраша рағбатлантириш ҳам диққат марказимизда турибди. 2-сектор ҳудудидаги тез тиббий ёрдам бригадаларида фаолият кўрсатувчи 52 нафар ходимларга жами 225 млн. сўмдан иборат бир марталик пул мукофотлари тарқатилди. Яъни, 17 нафар шифокорларга 86,2 млн, 33 нафар фельдшерларга 132 млн. ҳамда 2 нафар санитарларга 6,7 млн. сўм пуллар тарқатилди.

Бир сўз билан айтганда, пандемия шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қисми оғир аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ҳамда камбағалликни бартараф этиш чораларини кўриш масаласи доимий диққат марказимизда турибди. Бу борадаги тадбирларимиз самарадорлигига эришиш эса энг асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолаверади.

Ф. ТОИРОВ, туман прокурори, адлия маслаҳатчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.