Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 29 йиллиги байрамини катта йиғин ва сайилларсиз, оила даврасида ўтказилиши юзасидан топшириқлар берилгач, бугунги кунда аҳоли саломатлигини сақлаш ҳар доимгидан-да долзарб масалага айланганлигини яна бир бор ҳис этдик. Зеро, КОВИД-19 пандемияси бизни кўпгина масалаларга одатдагидан сергакроқ ёндашишимизни талаб қилмоқда. Ҳар доим энг улуғ, энг азиз байрамни катта шодиёналар билан қарши олиб, уни тананавор ўтказган бўлсак, бу гал бироз тийилишга тўғри келади. Ахир инсон ҳаётига хавф туғдираётган бу хатарли вирусдан сақланиш, у туфайли одамларнинг бевақт ҳаётдан кўз юмишларининг олдини олиш ҳар нарсадан муҳим ҳисобланади.

Аслида карантин шароитини барчамиз ўзига хос синов сифатида қабул қилишимиз керак. Чунки баъзи нарсаларда ўзимизни чеклашга иродамиз етадими-йўқми, ҳой-ю-ҳаваслар ортидан қувишга одатланган феълимизни ўзгартиришимиз мумкинми ё ўшандай қолаверамизми - мана шу биз учун муҳим бўлиши керак аслида. Аммо ниқоблар вирусдан сақланиш учун эмас, жазоланмаслик учун тақиляпти. Фақатгина 30 кишилик тўйга рухсат этилган бўлишига қарамасдан, кетма-кет меҳмондорчиликка ружу қўйиляпти, келин-куёвларнинг "ЗАГС" баҳонасида ошна-оғайнилари, дугоналари қуршовида ўтказадиган "фотосессия"лари барҳам топмаяпти... Савол туғилади: дабдабали тўйларни шу қадар ҳам севамизми-а?!

Тўғри фикрлайдиган, овозали тўйни ташкиллаштиришдан, миллион-миллион сўм маблағларни бир-икки кунда ҳавога совуришдан кўра, оила бюджетини мустаҳкамлаш муҳим эканлигини ҳис қилувчилар, ихчам тўй ўтказиб,  тежаб қолинган маблағни келин-куёвнинг турмуш шароитини яхшилашга сарфлашни ёқлаб чиқаётганлар кўпаяётганлигидан қувонасан. Демак, халқимиз орасида оқилона фикрлайдиганлар етарлича. Турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида ўрнатилаётган тартибларга риоя этувчилар ҳам бисёр.

Ўйлаймизки, бу эрта-индин нишонланадиган байрам кунларида ҳам ўз аксини топади. Яъни барчамиз эълон қилинган дам олиш кунлари оиламиз даврасида қутлуғ айёмни нишонласак, бир-биримизга энг эзгу тилакларни билдирсак, шунинг ўзи катта байрам! Муҳими, юртимизда тинчлик-осудалик ҳукмронлигидан, дастурхонларимиз тўкинлигидан шукроналик келтиришимиз лозим. Бугунги чекловлар кунлар келиб, албатта, барҳам топишига умид қилган ҳолда, сабр-қаноат билан яшашга одатланайлик. Қалбимизни озод ва обод Ўзбекистондан ғурурланиш туйғуси ҳеч қачон тарк этмасин. Яқинлашиб келаётган байрам ҳаммамизга муборак бўлсин!

А. ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.