Энг улуғ, энг азиз байрамга тобора яқинлашар эканмиз, беихтиёр қалбларни ҳаяжон эгаллайди. Илиқдан-илиқ туйғулар  юракларимизда жўш ураверади, чексиз фахру ифтихорни туяверамиз, туяверамиз. Ахир эркинликка эришганимизга, ўзбекнинг ўзига бек бўлиб яшаётганига бу йил 29 йил тўлади! Мустақиллик деб аталмиш бу бебаҳо неъматни эса неча-неча авлодлар орзу қилиб ўтдилар. Балки тушларида кўргандирлар. Ҳаттоки бу йўлда қурбонлар ҳам бўлди.

Яна бир фахрландиган томони, сўнгги йиларда Ўзбекистон бутунлай бошқача қиёфа касб этди. Бу ўзгариш нафақат ички сиёсатда намоён бўлмоқда, балки халқаро миқ-ёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳамма нарсани ўз ҳолича, бўяб-безамасдан гапириш, хатоликларни тан олиш ва уларни бартараф этиш борасида олиб бораётган оқилона сиёсати барчага бирдек маъқул келмоқда. Айниқса, халқнинг дарду ташвишини эшитиш, муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишларнинг чеки чегараси йўқ. Бундан 4-5 йил аввал бирор амалдорнинг марказдан олисдаги қишлоқ ёки овулга бориб, одамлар ўртасида сайёр қабул ўтказишини ким ҳам тасаввур этибди!

Сўз эркинлигининг таъминланганини айтмайсизми! Бугун ҳар ким истаган мавзуда ўз фикрини очиқ-ойдин айтиши, ҳукумат қарор ва лойиҳаларига нисбатан муносабатини билдириши мумкин. Бундай ошкоралик оммавий ахборот воситалари, хусусан, электрон нашларда янада яққол намоён бўлмоқда. Журналист ва блогерлар жойларда рўй бераётган турли адолатсизликлар ҳақида бонг урмоқдалар, айбдорлар эса қандай лавозимда ишлаётгани, ким бўлишидан қатъи назар, жазосини оляпти. Натижада одамларнинг қонун устуворлигига нисбатан ишончи тобора ортмоқда, давлатнинг нуфузи кундан-кун юксалмоқда.

Қўшни давлатлар ўртасидаги дўстона алоқалар тиклангани,  барча мамлакатлар билан ҳам ўзаро манфаатли муносабатлар мустаҳкамлангани Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти олдидаги обрўсини ошираётир. Юртимизга аграр давлат эмас, балки илм-фан, рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари тараққиёт этиб бораётган, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланган қудратли мамлакат сифатида қараш шаклланмоқда.

Муҳими, ўлкамизда ҳар бир фуқаро эмин-эркин яшаши, илм эгаллаши, касб-ҳунар эгаллаши ёки тадбиркорлик билан шуғулланиши учун барча қулайликлар яратилмоқда. Бундай имтиёз ва эркинликлар янги қабул қилинаётган қонун, фармон ва қарорлар орқали ҳуқуқий мустаҳкамланмоқда.

Ҳар бир соҳада рўй бераётган улкан ўзгаришлар, туб ислоҳотларга қарамай, Юртбошимиз ҳали жуда кўплаб ишлар амалга оширилиши зарурлигини қайта-қайта такрорлайдилар. Давлатимиз раҳбарининг куйинчаклик билан айтаётган гапларини тинглай туриб, беихтиёр улардан куч-қудрат оласан, мана шу долзарб жараёнда фаол иштирок этгинг, рўёбга чиқарилаётган оламшумул янгиланишларга заррача бўлса-да, ҳисса қўшгинг келади. Чунки ҳар биримиз якдил бўлиб, ягона ғояга остида бирлашсак, катта кучга айланамиз. Бундай қудратли кучни эса ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди.

Бахт ва саодат маскани ҳисобланган озод ва обод Ўзбекистоннинг ҳозиргидан-да фаровон келажаги эса ана шундай бирдамликда. Келинглар, миллатимиз, динимиз, тилу, урф-одатларимиз ранг-баранг бўлишига қарамасдан, юртимизда тинчлик-осудалик ҳукмрон бўлиши, ҳар бир соҳада тараққиёт таъминланиши учун жамики имкониятларимизни сафарбар этайлик. Ўзаро ҳурмат, аҳил ва иноқликда яшайлик. Истиқлолга эришган халқнинг ҳурлиги, албатта, абадийдир. Мана шундай улуғ элнинг, жаннатмакон диёрнинг осмони доимо мусаффо бўлсин! Байрамларимиз йилдан-йил янада тароватли, янада шукуҳли ўтаверсин!

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.