Июнь ойининг сўнгги ҳафтаси вилоятимиз  ҳаётидаги муҳим бир воқеа билан кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифини назарда тутмоқдаман. 

Аввало шуни айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг минтақаларга ҳар бир сафари барча жабҳалардаги ислоҳотларнинг оралиқ якунларини таҳлил этиш, янги марраларни белгилаш борасида муҳим ўрин тутади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Президентимиз иштирокида фаоллар билан ўтказилган йиғилишда қатнашар эканман, мамлакатимизда кейинги йилларда нақадар катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлиги кўз ўнгимда намоён бўлди. Халқимиз тараққиётнинг ойдин йўлидан дадил одимлаётганлигидан қалбим ғурурга тўлди.

Эътиборли жиҳати шундаки, давлатимиз раҳбари вилоят маркази ва туманларда, бутун-бутун тармоқларда амалга оширилган ишларга холис баҳо бериб ўтди. Ошкора ва очиқ мулоқот асносида эришилган ютуқлар қайд этилди, шу билан бирга навбатдаги давр учун пухта ва аниқ режалар ишлаб чиқилди. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад -  халқимизни, ҳар бир ватандошимизни рози қилиш эканлиги таъкидланди. Фаоллар,  туманлар мутасаддилари, тармоқларнинг раҳбарлари қатор таклифлар бердилар. Йиғилишда айтилган фикрлар орасида менга маъқул келгани - ҳали орамизда эскича тушунчалардан қутула олмаётган, янгиликни ва замон нафасини сезмайдиган раҳбарлар йўқ эмаслиги, ҳамма ўз аравасини тенг тортмаётганлиги қайд этилгани бўлди. Чиндан-да, шундайлар ислоҳотларнинг муваффақиятли боришига халақит бермоқдалар. Боз устига улар тўғри гапни  ва танқидни ёқтирмайдилар. Бундай ҳолатда  иқтисодиётни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиб, аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби масалаларни ўз вақтида ҳал этиб бўлмайди.

Президентимизнинг вилоятга ташрифидан, унинг халқ вакиллари билан бўлган мулоқотларда билдирган фикрларидан чиқарган хулосам шу бўлдики, ҳаммамиз ўз фаолиятимизга яна бир бор танқидий баҳо бериб, камчиликларни бартараф этишимиз, бугун кечагидан, эртага эса бугунгидан яхшироқ ишлашимиз зарур. Шунда олдимизга қўйилган ҳар қандай юксак маррани эгаллай оламиз.

Анорбой ОЛИМОВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.