Жорий йилнинг 13 августида "Қишлоқ хўжалигига мўлжаланмаган ер учаскаларини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйча қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларини молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди.

Янги тартибга кўра, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер учаскаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва уларнинг мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатлари Халқ депутатлари кенгашларига бериладиган бўлди.

Бевосита қонунга тўхталадиган бўлсак, унинг мақсади - жисмоний ва юридик шахсларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер учаскаларини хусусийлаштириши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир. Муҳим жиҳати шундаки, у хусусийлаштириш субъектлари, объектлари, шунингдек, хусусийлаштирилган ерларни олиб қўйиш тартибини белгилайди. Янги механизм фақат Ўзбекистон резидентларига тааллуқлидир.

Кўпчиликда ер участкалари қай тартибда хусусийлаштирилади, деган савол туғилиши мумкин. Қуйида шу ҳақда тушунча берамиз.

- Ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича ариза ер участкаси жойлашган ердаги туман (шаҳар) ҳокимининг номига давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади.

- Ариза Ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан ариза олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида кўриб чиқилади.

- Комиссия ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламентга мувофиқ ўз ижобий ёки салбий хулосасини беради.

- Комиссиянинг хулосаси щокимга ер участкасини хусусийлаштиришни рад этиш ҳақида қарор чиқариш учун асос бўлади.

- Ер участкасини хусусийлаштиришни рад этиш ҳақидаги қарор комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кундан қабул қилинади.

- Рад этиш щақидаги қарор устидан маъмурий судга ҳикоят қилиниши мумкин.

- Ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор эса хусусийлаштириладиган ер участкаси учун тўлов амалга оширилганидан сўнг 3 иш куни ичида қабул қилинади. Мазкур қонун 2020 йил 1 мартдан кучга киради.

     Орифжон Тиллабоев, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси туман бўлими бошлиғи.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.