Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир гапларини жон қулоғим билан тингладим. Юртбошимиз шу куннинг энг долзарб масалаларига алоҳида-алоҳида тўхталганликлари ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади.

Давлатимиз раҳбарининг оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги гаплари, айниқса, диққат-эътиборимни тортди. Хотин-қизлар замонавий касб-ҳунарни эгаллашлари учун керакли шароитларни яратиш зарурлигига бирма-бир тўхталганликлари барчани ниҳоятда хурсанд қилди. Чунки бугунги кунда аёлларни иш билан таъминлаш энг долзарб масалалардан бирига айланган.

Президентимиз тўғри йўлдан адашаётган, хусусан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этаётган аёллар муаммосига бежиз тўхталмадилар. Ахир, кундалик турмушимизда мана шундай хотин-қизлар учраётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. Айниқса, одам савдоси, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларида аёлларнинг иштироки жуда аянчли. Ваҳоланки, ўзбек аёли одоб-ахлоқи, сабр-бардоши, ҳаё  ва ибоси билан асрлар давомида бошқаларга ўрнак бўлиб келган.

Шундай экан, бу борада фаол иш ташкил этишимиз, аҳволни ўнглашимиз лозим. Оила, маҳалла ва жамиятда тинчлик муҳитини мустаҳкамласак, ўқувчи қизлар тарбиясига эътиборни янада кучайтирсак, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи мустаҳкамланишига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз. Зеро, халқаро рейтингларда айни шу масалалар ҳам  инобатга олинади.

Ҳар бир маҳаллада ибрат қилиб кўрсатишга арзийдиган оилалар, оналар, опаларимиз бисёр. Бизнинг маҳалламизда ҳам ана шундай табаррук зотлар кўплаб топилади. Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, ҳаммамиз учун ибрат бўлган Каримахон ая Фозиловани олайлик.

Бу опахоннинг суяги меҳнатда қотган. Умри ҳам ҳалол ва фаол меҳнат қилиш билан ўтди. Опани барчамиз донгдор пиллакор сифатида ҳам яхши биламиз ва уни ниҳоятда ҳурмат қиламиз. Насибхон ота Боқиев билан 11 нафар фарзандни эл корига ярайдиган қилиб тарбиялаган бу онахон турмуш ўртоқлари қазо қилганларидан кейин ҳам матонат ва садоқат билан умргузаронлик қилдилар. Меҳнат қилишдан асло чарчамадилар. 

Айни кунда 40 набира, 31 эваранинг момоси ҳисобланган Каримахон аяни ҳаммамиз чин дилдан эъзолаймиз. Чунки бу инсон ҳаётининг ўзи бир мактаб, қолаверса, ўгитлари ҳам ҳикматларга тўла бир кондир. 

Биз, яъни фаол аёллар мана шундай ибратли онахонларимиз турмуш тарзларини чуқур ўрганиб, улардек сабр-бардошли, хаёли-иболи бўлишни фарзандларимизга уқтирсак, нохуш ҳолатлар асло рўй бермайди. Дилбар қизларимиз жиноятдан ўзини йироқ тутади. Лобар опалар эса ҳалол меҳнат билан жамият тараққиётига ҳисса қўшади. Келинглар, азизлар, барчамиз Юртбошимиз даъватларига лаббай, деб жавоб берайлик. Ҳар соҳада фаоллик кўрсатиб, озод ва обод Ватанимиз гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшайлик!  

Муҳаббат ЗУФАРОВА, «Садача» маҳала фуқаролар йиғинининг

хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий

қадриятларни мустаҳамлаш бўйича мутахассиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.