Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган тумандошларимиз анчагина эди.

Афсусуки, бугунги кунга келиб улардан биргинаси қолди, холос. Яъни Янгийўл маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 96 ёшли Исохон Соттихонов фахрли уруш фахрийси ҳисобланади. У қирғинбарот йиллари душманга қарши курашда жасорат кўрсатибгина қолмади, балки тинч қурилиш даврида ҳалол меҳнат қилиб, мамлакатимиз иқтисодёти ривожланишига озми-кўпми ҳисса ҳам қўшди. Дастлаб механизаторлик қилган отахон пахтачилик бригадасини ҳам оқилона бошқарди.  

9 май - Хотира ва қадрлаш куни арафасида табаррук отахоннинг хонадони йўқловчилар билан гавжумлашди. Туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар вакиллари байрам совғалари билан келиб, Исохон бобонинг ҳолидан хабар олдилар. Эътибор ва ғамхўрликдан руҳланган ота эса барчага миннатдорлик изҳор қилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров туман ҳокими Баҳодир Юсупов ҳамроҳлигида қутлуғ хонадонга ташриф буюрганида эса нуроний қувончдан яйраб кетди. Вилоятимиз раҳбари Президент Фармони асосида отахонга 7,5 миллион сўм пул мукофотини топширганида, эъзоз ва эҳтиромдан руҳланган бобонинг қўллари дуога очилди. Юртга тинчлик-омонлик, оилаларга хотиржамлик, дастурхонларга қут-барака тиланди.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.