Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган китобхонлик тар-ғиботи бутун мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёймоқда.

Яқинда  худди шундай эзгуликка йўғрилган тадбир 32,-33-умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб ўтди. Таълим муассасаларига Ўзбекистон "Адолат" СДП вилоят кенгаши раиси Исроил Жўраев, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди, туман Кенгаши депутати Олимжон Қосимов ташриф буюрдилар. Педагоглар ва ўқувчилар билан ўзаро мулоқотда юртимизда жамият ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ҳақида ўзаро фикр алмашилди. Айниқса, маънавият ва маърифат масалаларига жиддий эътибор қаратилаётганлиги катта қониқиш билан қайд этилди.

Шундан сўнг Исроил Жўраев, Олимжон Қосимов мактаб кутубхоналарига китоблар совға қилдилар. Улар орасида таниқли шоирларимиз Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов, жаҳон мумтоз адабиёти вакиллари Жек Лондон ва Карел Чапек, қатор маҳаллий ёзувчиларнинг қаламига мансуб асарлар бор. Шунингдек, адабиётларнинг бир қисми ўзбек ва дунё халқлари эртакларидан иборат.

- Китобхонлик тарғиботига бағишланган собиқ битирувчиларимиз билан  учрашувлар муаллимларда ҳам, ўқувчиларда ҳам катта таассурот қолдирди, -дейди мактаб директори Маъруфжон Тешабоев. - Кейинги пайтларда шундай инсонлар билан тез-тез учрашувлар ўтказиб туриш яхши анъанага айланди. Маънавий-маърифий мавзулардаги шундай суҳбатлар ҳаммага маъқул тушмоқда.

Бу каби тадбирлар айни вақтда кенг авж олган  "Наманганни энг яхши китобхон вилоятга айлантирамиз!" шиори остидаги ҳаракатга ҳамоҳанглиги диққатга сазовордир.  Яқинда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят ахборот-кутубхона марказини модернизация қилиш бошланди.  Шунингдек,  50 та маҳаллада кутубхона, 12 та замонавий кўчма китоб дўконлари барпо этиш, 4 та "Библиобус" фаолиятини йўлга қўйиш ражалаштирилган. Яқинда Наманганга ташрифи чоғида Президент  Шавкат Мирзиёев аҳолига китобларни қулай тарзда етказиб бериш, Наманганда яшаб ўтган атоқли аллома ва адибларнинг асарларини нашр этиш бўйича кўрсатмалар берди. Бундан ташқари,  кутубхоналар учун бир миллион нусхадаги бадиий адабиётларни бепул етказиб бериш кўзда тутилганди. Уларнинг дастлабки туркуми вилоятга етиб ҳам келди.

                                                                                              Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.