"Кунларнинг бирида бир ота-она қўлидаги чақалоғи билан    Расулуллоҳ (с.а.в) ёнларига келиб, фарзандимизга қандай тарбия берсак комил шахс бўлиб етишади, деб сўраганларида у киши: "Сизлар кечикибсизлар. Фарзандингизни она қорнида пайдо бўлганидаёқ тарбияни бошлаш керак" деб жавоб берган эдилар.

Ривожланган давлатларда ҳар бир фуқаро аксарият вақтини қўлида китоб билан ўтказади. Ҳаттоки, фарзандидан ҳам китоб ўқишини талаб қилади, кичкинтойларни, албатта, эртак ўқиб ухлатадилар.

Ана шундай тарзда аста-секин бола онгига китобга меҳр сингдириб борилади. Ҳа, фарзандларимизга яхши хулқ, фазилатларни, одатларни ўргатиб боришда ота-онанинг ибрат намунаси муҳим аҳамият касб этади.  Лекин биз, ота-оналар доим ҳам зурриёдларимизга, унинг тарбиясига эътибор берамизми? Бола нима дейди, уни ичидан қандай ўй-хаёллар кечади, у нима қилмоқчи, ким билан дўстлашган, уни нималар қийнамоқда - буларнинг баридан бола билан суҳбатлашиб, хабардор бўлиб туришимиз керак. Биз-чи? Биз бунинг аксини қиламиз аксарият ҳолатларда. Ҳозирда ота-оналар орасида фарзандларини "бор, кўчада ўйна, камроқ гапир, жим ўтир" деб жеркиб уришиб, уни ўзидан йироқлаштирувчилар ҳам учраб туришини инкор этолмаймиз. Аксарият ҳолатларда уни қандай билим олишига, китоб ўқияптими йўқми, деб қизиқиб ҳам кўрмаймиз. Бунинг оқибатида боланинг эркинлигини чеклаб қўймоқдамиз. Натижада бола ўз фикрини баён этишга, эркин сўзлаш, мулоқотга киришишга қийналади, ўз ҳолича қолдирилган боланинг билим олишга қизиқиши сусайиб бораверади. Кўп ҳолатларда фарзандларимизнинг айримлари эса бекорчилигидан, билимсизлигидан жиноят кўчасига кириб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Машҳур ёзувчимиз Тоҳир Малик "Ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди, болани атроф-муҳит, жамиятдаги турли иллатлар жиноятчига айлантиради" деган эдилар. Шундай экан, озод, эркин яшаб, ўқиб, ҳунар ўрганадиган бир пайтда фарзандларимизнинг тўлақонли илм олишларига, келажакда комил шахс бўлиб вояга етишларига бепарво бўлмайлик. Зеро, фарзандларимиз бизнинг келажагимиздир.

Шоҳида Шодмонова, 39-умумтаълим маткаби ўқитувчиси.

Сайт материалларидан фойдаланилганда www.kosonsoynoma.uz манбаси кўрсатилиши шарт.

Сайт Наманган вилояти ҳокимлигининг Компьютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.